“Аёллар дафтари”ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммолари тизимли ҳал этилмоқда ҳамда уларнинг ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари ечимини топмоқда.
Президентимизнинг ташаббуси билан амалда жорий этилган “Аёллар дафтари” тизими бошқа ҳеч бир мамлакатда учрамайдиган ноёб механизм бўлиб, бу орқали юртимиз хотин-қизларини қийнаб келаётган муаммолар ҳал этилишига эришилмоқда. Натижада жамиятимизда муҳим ўрин тутувчи опа-сингилларимиз, онахонларимизнинг турмуш фаровонлиги оширилиб, ҳаётдан рози бўлиб яшашларига замин яратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 145-сонли қарори асосида “Аёллар дафтари” рўйхатининг 6-босқичи жорий этилиб, 6-тоифа асосида шакллантирилади.
Куни-кеча Олот тумани ҳокимлиги катта мажлислар залида «Аёллар дафтари»нинг 6-босқичи бўйича туманда амалга оширилаётган ишлар ва вазифалар юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вакили Бухоро вилоят штаб раҳбари Шавкат Жавлонов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бухоро вилоят кенгаш раиси Мухаммадқосим Олимов ҳамда сектор раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосарлари, туман ҳокимлиги вакиллари, секторлар масъул котиблари, корхона ва ташкилот раҳбарлари, хотин-қизлар фаоллари, маҳалла раислари иштирок этди. Унда 2024-йилда соҳада эришилган ютуқлар ва йўл қўйилган камчиликлар таҳлил қилиниб, 2025-йилга мўлжалланган режалар белгилаб олинди.
Хусусан, “Аёллар дафтари“ бўйича ишларни янада самарали ташкил этиш учун «маҳалла еттилиги» аъзоларига масъулиятларини тушунтириш, улар учун семинарлар ташкил қилиш ҳамда иш жараёнларини сифатли ва самарали йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди. Мазкур режалар орқали соҳадаги ишларнинг самарадорлигини ошириш ва аёлларга янада кўпроқ кўмак бериш мақсад қилинган. Йиғилиш натижаларига мувофиқ ҳар бир ҳудудда соҳада белгиланган вазифалар ижросини қатъий назорат қилиш бўйича топшириқлар берилди.