Жорий йилнинг 24 январь куни вилоят кенгашида Бухоро вилояти судининг ташаббуси билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилояти кенгаши билан ҳамкорликда “Бухоро вилоятида меҳнатга оид муносабатларни тартибга солиш, бунда меҳнат низоларига сабаб бўлаётган ҳолатлар, ушбу низоларни адолатли ҳал қилиш ва келгусида олдини олишга қаратилган аниқ чора-тадбирларни белгилаш бўйича” ўқув семинари бўлиб ўтди. Мазкур ўқув семинарда вилоятимиз фуқаролик ишлари бўйича судялар, касаба уюшмаси ходимлари, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Семинарни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилоят Кенгаши раиси М.Олимов кириш сўзи билан очиб берди.
Семинар давомида меҳнат низолари бўйича суд амалиёти. Мавжуд муаммолар ва таклифлар хақида фуқаролик ишлари бўйича вилоят судлов судьяси И.Тошов, меҳнат шартномасини қонунга хилоф равишда бекор қилишнинг ҳуқуқий оқибатлари тўғрисида вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси меҳнат инспекцияси бошлиғи Ш.Раджабовлар маълумот берди.
Шунингдек семинар давомида иштирокчиларга меҳнат низоларининг ҳал қилинишида касаба уюшмаларининг роли. Амалиётдаги муаммолар, Ходимларнинг ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зиён ўрнини қоплашга оид тўловларнинг тўланишига оид маълумотлар бериб ўтилди.
Маълумот ўрнида, Бухоро вилояти фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан 2024 йил давомида меҳнат муносабатларига доир жами 829 та фуқаролик ишлари кўрилган бўлиб, ишлар сони 2023 йилга нисбатан (615 та) 214 та ёки 25,8 фоизга ошган. Ишларнинг 583 таси бўйича даъволар қаноатлантирилган, 105 таси рад этилган, 105 та аризалар кўрмасдан қолдирилиб, 36 таси юзасидан иш юритиш тугатилган.
Кўрилган ишларнинг 478 таси иш ҳақи ундириш, 194 таси ишга тиклаш,20 таси меҳнат таътили бериш, 15 таси иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни кечиктирганлик учун компенсация ундириш, 6 таси ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этиш ва қолгани бошқа тоифадаги меҳнат низоларини ташкил этган.
Ишга тиклаш ҳақидаги даъволар бўйича кўрилган 194 та ишларнинг 115 таси ёки қарийб 60 фоизи юзасидан иш берувчиларнинг буйруқлари ғайриқонуний деб топилиб, ходимлар ишга тикланган.
Шунингдек, ўқув-семинар иштирокчиларининг меҳнат қонунчилиги бўйича билим ва кўникмалари оширилди. Семинар савол-жавобларга бой бўлиб ўтди, бу унинг аҳамиятлилигини янада оширди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олдилар.