
-«Ишонч телефони» сизни эшитади, — дейди Бухоро вилоят кенгашининг 223-49-94 рақамларига бўлган қўнғироққа жавоб қайтарган мутахассис.
Қўнғироқ эгаси ўзини Ғиждувон туман ҳокимлиги ҳузуридаги ободонлаштириш бошқармаси ходимаси М.Тилавова деб таништиради. Унинг айтишича, 2023 йилнинг 4-чораги учун иш берувчи томонидан рағбатлантириш тўловлари тўлаб берилмаган. У шу масалада ишонч қўнғироғига мурожаат қилаётганини билдирди. Касаба уюшмалари Бухоро вилоят кенгаши мутахассиси Рустам Насимов ходима билан суҳбатлашиб, масалага ойдинлик киритди. Сўнгра зудлик билан муаммони ҳал этишга киришди.
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан тасдиқланган “Шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида”ги низомга асосан ходимларни мукофотлаш умуман бошқарма бўйича белгиланган кўрсаткичлар бажарилиши шарти билан йил чорагидаги иш якунлари бўйича амалга оширилиши лозим. Шуниндек, функционал вазифаларини ўз вақтида ва сифатли бажариш ҳамда бошқарма фаолияти натижаларига шахсий улуш қўшиш ходимларга мукофот ёзишнинг асосий кўрсаткичи ҳисобланиши, бунда бир ходим ҳисобига чораклик мукофот миқдори тармоқ тариф сеткаси бўйича унинг тариф ставкасининг 50 фоизидан ортиқ бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.
Юқоридаги Низомнинг 22-бандига асосан бошқарма раҳбари ходимлар меҳнатини нормалаштириш ва ҳисобга олиш ташкил этилиши, ходимларга тариф ставкалари белгиланишининг тўғрилиги, устамалар ва қўшимча тўловлар ҳисоблаб чиқилганлиги, мукофотлар ёзилганлиги учун шахсан жавоб беради.
Ўз навбатида, Меҳнат кодексига мувофиқ ходимларга иш ҳақи ўз вақтида тўланишини таъминлаш меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ходимларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш соҳасидаги кафолатларидан ҳисобланиб, иш берувчи иш ҳақини тўлашни кечиктирганлиги учун ходим олдида моддий жавобгар бўлади.
Ана шуларни ўрганган ҳолда касаба уюшма масъуллари зарур чораларни кўриш учун Ғиждувон туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи М. Умаровга сим қоқди. Масалани тушунтириб, унинг қонунга зид ҳаракатларини тушунтирди. Аниқ бўлдики, аслида бундай рағбатлантириш тўловлари фақат М. Тилавовага эмас балки, ташкилотнинг барча ишчи ходимларига тўлаб берилмаган эди.
Бошқарма бошлиғига масалани ижобий ҳал этиш учун ёзма кўрсатма берилди. Бироз муддатдан сўнг ташкилотнинг беш юз нафардан ортиқ ходимига рағбатлантириш пуллари тўлаб берилди. “Ишонч телефони”га қилинган биргина қўнғироқ бутун жамоани қийнаган муаммога ечим бўлди.
Дилдора ИБРОҲИМОВА,
“ИШОНЧ”