Вазира Хусниддинова, Шофиркон тумани “Қайрағоч” маҳалласи фуқароси:
— “Аёллар дафтари” тизимининг 5-босқичига киритилишим ҳаётимдаги энг муҳим ўзгаришлар даврини бошлаб берди. Аввало мен учун кўп йиллик орзу бўлган замонавий тикув машинкасига эга бўлдим. Бу ўз ҳунарим ортидан иш бошлашим ва оиламни моддий жиҳатдан таъминлашим учун янги имкониятлар эшигини очди. Севимли ҳунар билан шуғулланиш, қўлингизда доимий маблағингиз бўлиши кишининг ўзига бўлган ишончини бир жиҳатдан оширади. Муҳими, энди мен оддий уй бекаси эмас, ўзига ишонган ҳунарпеша аёл мақомидаман.
Нозигул Ҳасанова, Бухоро тумани, Янгиобод маҳалла фуқароси:
-100 миллион сўмлик кредит орқали бизнесимни бошлаб олдим. Тикувчилик ишлаб чиқариш кичик цехини ташкил этиб, уч нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминладим. Энди мен нафақа ёки ижтимоий ёрдамга муҳтож кам таъминланган оила вакили эмасман. Рўзғорини боқиш ташвишида юрадиган оддий аёлдан жамиятга фойдаси тегаётган бизнес ледига айланаётганимдан ғурурланаман. Албатта, буларнинг бари “Аёллар дафтари” тизими менга берган имкониятлар натижасидир. Бу имкониятларни бизга тақдим этаётганлардан миннатдорман.
Мана шу каби дил изҳорлари бугун минглаб бухоролик аёллар тилидан янграмоқда. “Аёллар дафтари” тизими орқали амалга оширалаётган инсонпарвар ислоҳот, хотин-қизларга берилаётган имконият ва ёрдамлар бугун уларнинг жамиятдаги ўрни, мавқеи ва шу баробарда ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлашда асос бўлмоқда. Аалбатта, аёлларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳолатини яхшилаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳаётдаги муаммоларини ҳал этиш – бардавом жараён. Бухоро вилоятида “Аёллар дафтари”нинг навбатдаги 6-босқичига старт берилгани яна қанчадан-қанча опа-сингилларимизнинг ҳаётига фаровонлик ва ёруғлик олиб киришига шак-шубҳа йўқ.
2025 йил 6 январдан бошлаб, шаҳарлар ва туманларда аҳоли хонадонларини хатловдан ўтказиш жараёнлари бошланди. Бунда асосий эътибор 30 ёшдан юқори бўлган хотин-қизларнинг ижтимоий муаммоларини аниқлашга қаратилди.
Барча шаҳар ва туманларда штаблар фаолияти йўлга қўйилди, “маҳалла еттилиги” секторларининг ишчи гуруҳлари билан биргаликда хонадонма-хонадон юришиб, анкета-сўровномалар орқали ҳар бир аёлнинг муаммосини аниқлашга ҳаракат қилдилар.
Хатловга вилоятимизда мавжуд 544 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 443 минг 689 та хонадон қамраб олинди. Анкета-сўровномалар орқали 471 мингдан ортиқ 30 ёшдан юқори бўлган хотин-қизларнинг ижтимоий аҳволи аниқланди. Айрим сабаблар туфайли 12 минг 771 нафар хотин-қиздан сўровнома тўлдирилмади. Соғлиғи ёки бошқа сабаблар билан 534 нафар хотин-қиздан ҳам анкета олиш имкони бўлмади.
Хатлов жараёни барча туман ва шаҳарларда ўз вақтида ва самарали амалга оширилди. Ҳозирги кунда “маҳалла еттилиги” томонидан 6-босқичга киритиладиган хотин-қизларнинг эҳтиёжларини аниқлашга асосланган 6 та тоифа шакллантирилмоқда. Бу иш бир томондан аёлларнинг ижтимоий ҳолатини яхшилашга, бошқа томондан эса уларни қўллаб-қувватлаш чораларини кўришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Жараёнлар давом этмоқда…
Сардор ЭРГАШЕВ,
Федерация Бухоро вилоят кенгаши бўлим мудири