Бошланғич ташкилот раиси бўлиш осон эмас. Унинг иши энг аввало, меҳнаткашларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шу билан бирга иш берувчилар билан ўзаро ишончли муносабат ўрната олишдир. Раиснинг ҳар бир қарор ва ташаббуси жамоа кайфиятига ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди.
-Бошланғич ташкилот раиси – меҳнат муносабатларида иш берувчи ва ходим орасидаги кўприк вазифасини бажаради. Кўприк бўлганда ҳам ҳақиқат ва адолат кўпригидир, — дейди Олот туман йўллардан фойдаланиш корхонаси касабақўми Ойбек Раимов.
Ойбек Раимов Бухоронинг олис Олот туманида туғилган ва меҳнат фаолиятини 1999 йилда Олот туман йўллардан фойдаланиш корхонасида 1-даражали йўл ишчиси сифатида бошлаган. 2002 йилдан касаба уюшмаси қўмитаси аъзоси сифатида ишчилар манфаатларини ҳимоя қилишга ўз ҳиссасини қўша бошлади. 2019 йилда касаба уюшмаси қўмитаси раиси этиб сайланганидан сўнг, Ойбек Раимов ходимлар билан янада яқин муносабат ўрнатиб, уларнинг меҳнат шароитларини яхшилашга ўзининг муносиб ҳиссасини қўша бошлади. Фаолиятини ҳар томонлама ривожлантиришга, ишчи-ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини мустаҳкам ҳимоя қилишга интилди. Унинг касабақўмлик фаолиятида корхонада бир нечта муҳим спорт ва маданий тадбирлар ўтказилиш анъанаси йўлга қўйилди. Шу орқали ишчиларнинг жисмоний ҳолати яхшиланиш баробарида жамоада ҳамжиҳатлик, дўстлик муҳити мустаҳкамланди. Масалан, биргаликда театр ёки концерт дастурлари томошасига бориш, мини футбол, шашка ва спорт тенниси билан шуғулланиш жамоанинг севимли машғулотларига айланди. Шунингдек, улар орасида китобхонлик маданиятини юксалтириш борасидаги ишлар ҳам кенг йўлга қўйилди. Бунинг натижасида 2024 йилда вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси таркибидаги корхоналар ўртасида ўтказилган “Заковат” интеллектуал ўйинида ташкилот жамоаси фахрли ўринни эгаллади. Бу каби кичик муваффақиятлар ҳам жамоанинг руҳиятига таъсир қилиши, уларни катта ғалабалар сари илҳомлантириши мумкин.
-Корхонамизда ишчи ходимларнинг меҳнат қилишлари учун барча шароитлар яратилган, — дейди О.Раимов.- Иш ҳақлари ўз вақтида берилади. Раҳбарият билан келишган ҳолда ходимларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида ўзаро касб танловлари ўтказиб бориш анъанаси ҳам шаклланган. Қолаверса, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга мунтазам равишда ёрдам берилмоқда. 2024 йилда 3 нафар ходимнинг фарзандлари контракт тўловлари тўлаб берилди. Йил давомида киши бошига сарфланган маблағ ўртача беш миллион сўмни ташкил этди.
-Йўлчиларнинг касби машаққатлиги, айниқса, йўл қурилиши ва таъмирлаш ишлари қишнинг қаҳратонида ҳам ёзнинг жарима иссиғида ҳам давом эттирилган вақтда, жамоанинг бир лаҳзалик дам олиши яхши мадад бўлади, — дейди касаба уюшма қўмитаси аъзоси Бекмурод Раҳмонов. -Касабақўм ишчилардан доимо хабардор. Уларга иссиқ овқат бериш, ичимлик суви билан таъминлаш, махсус кийим-бошларни ўз вақтида янгилаб бориш, умуман, муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида назорат ишларини олиб бориш унинг қон-қонига сингиб кетган. Ойбек ака бор жойда жамоа аъзолари ўз суянчиғи борлигини билиб, тинимсиз меҳнат қилади.
Чиндан ҳам, ташкилот раҳбарияти қўллаб-қувватлови ҳамда касабақўмнинг ташаббускорлиги билан ишчиларга моддий ёрдам кўрсатиш, байрамларда совғалар тақдим этиш, оилавий шароитларини ўрганиб, кўмак кўрсатиш, саёҳатлар ташкил этиш каби ишлар ўз вақтида бекаму кўст адо этиб келинмоқда.
-Жамоамизда ҳисобот-сайлов йиғилишига катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда, — дейди касабақўм. — Қўмитамиз аъзолари ҳар бир йўналиш бўйича 5 йил давомида бажарилган ишлар сарҳисобини юритмоқда. Жумладан, меҳнатни муҳофаза қилиш комиссияси ўтган беш йилда иш берувчига 22 марта тақдимнома киритиб, ходимларнинг меҳнатини муҳофаза қилишга доир камчиликларни бартараф қилиш талаб этилган. Кўтариб чиқилган 72 та муаммодан 65 таси тўлиқ бартараф этилди. Меҳнат муҳофазаси бўйича 17 марта тадбирлар ташкил этиб, ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва меҳнатини муҳофаза қилишни яхшилашга хизмат қилди. Жонкуярларимиздан 25 нафари қўшимча рағбатлантирилди. Бундай рағбат жамоада иш самарадорлиги ошишига хизмат қилади. Шундан бўлса керак, корхонада барқарор иш муҳити ҳукмрон.
Дилдора ИБРОҲИМОВА
«ИШОНЧ»