
“Бухоро электр тармоқлари” масъулияти чекланган жамиятида бошланғич касаба уюшма ташкилотининг ҳисобот-сайлов конференцияси ҳамда жамоа шартномаси муҳокамаси ўтказилди.

Ҳисобот- сайловларнинг дастлабки йиғилишлари корхона цех жамоаларида ўтказилиб, бошланғич ташкилот конференциясига делегатлар сайланди. Корхонанинг жамоаси номидан сайланган 50 нафар делегатлар иштирокида ўтказилган ҳисобот-сайлов конференцияси жуда қизғин ва музокараларга бой бўлди. Ҳисобот-сайлов конференцияси ишида Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси ўринбосари Саидмурод Тўхтаев, Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг вилоят бўйича масъул ташкилотчиси Марина Кадирбаева, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Хамиджон Бешимовлар иштирок этдилар.
Конференцияда дастлаб жамоа шартномасининг 2024 йилдаги ижроси бўйича корхона директори Баҳодирр Ҳаётов ҳисоботи тингланди. Иш берувчи йил давомида ходимларга меҳнат шароитларини яхшилашга қаратилган ишлар амалга оширилганлиги, барча ходимлар бепул тиббий кўрикдан ўтказилганлиги, ходимларни иш стажига қараб рағбатлантирилиши, босқичма босқич ўқитилиши, корхонада бепул овқатланиш ташкил этилганлиги, махсус кийим-бошлар билан таъминланганлигини рақамларда айтиб ўтди.
Ўз навбатида касаба уюшмасининг жамоа шартномаси бандларининг бажарилишида олиб борган ишлари, экспертиза комиссиясининг жамоа шартномаси ижроси бўйича ҳисоботлари тингланди. Конференция делегатлари томонидан жамоа шартномасига киритиладиган қўшимча ва ўзгартиришлар юзасидан таклифларини билдирдилар. Жумладан, иш берувчиларга йигирув-тўқув цехларида ишлаётган хотин-қизларга имтиёзларни кўпайтириш, касаба уюшма қўмитасига хотин-қизлар ўртасида спортнинг оммавий турлари юзасидан мусобақаларни мунтазам ўтказиш, тармоқ касаба уюшмаларига туман, шаҳар корхоналари жамоалари билан ўзаро беллашувларни мунтазам ташкил этиш таклифлари билдирилди.
Конференциянинг иккинчи ярмида касаба уюшма қўмитасининг ўтган беш йил давомидаги фаолияти юзасидан ҳисоботи тингланди. Айниқса, ходимларни саёҳатларга олиб борилиши, ходимларнинг маънавий онгини ўстириш, ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган “Маърифат соатлири”нинг мунтазам ўтказилиши, ходимларнинг муаммолари билан касаба уюшма фаолларининг мунтазам қизиқиб боришлари касаба уюшма аъзоларига маъқул бўлганлиги таъкидланди.
