
Пиёда юриш – бу жисмоний машқнинг энг осон ва қулай тури. Юриш инсон саломатлиги учун фойдали бўлибгина қолмай, руҳий-эмоционал ҳолатга ижобий таъсир кўрсатади. Соғлом турмуш тарзига эътиборни тортиш — Бутунжаҳон саломатлик куни деб аталган байрамнинг муҳим вазифасидир.
Жорий йилнинг 10 апрель куни бугун эрта тонгдан шахримиз марказида жойлашган “Кўҳна ва боқий Бухоро” мажмуасида Бухоро вилояти кенгаши томонидан “7 апрель – Бутунжаҳон саломатлик куни” ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллик юбилей байрами муносабати билан корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган ёшлар ўртасида юриш марафони ташкил этилди.


Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация вилоят кенгаши томонидан ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини ошириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш орқали ўз саломатлигига масъулият хиссини шакллантириш мақсадида турли спорт- соғломлаштириш тадбирлари мунтазам ўтказилмоқда.


Мазкур юриш марафон ўз саломатлиги, соғлом танаси ва мустаҳкам иродаси ҳақида қайғурадиган ҳар бир киши учун, жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган фуқароларнинг сонини ошириш учун муҳим тадбир ҳисобланади. Уч километрли юриш марафонда жами 3000 нафардан ортиқ бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаоллари, корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган ёшлар ва талабалар иштирок этди.
Тадбир доираси иштирокчилар “Кўҳна ва боқий Бухоро” мажмуасида оммавий бадантарбия машқларини бажаришди. Шунингдек, вилоятимизнинг таниқли санъаткорлари иштирокида концерт дастури бўлиб бўтди.
Маълумот ўрнида, ҳафтада атиги 2,5 соатлик жисмоний фаоллик эрта ўлим ҳолатларини 28 фоизга, юрак касалликларини эҳтимолини эса 20 фоизга камайтирар экан. Яъни, ҳафтада камида 150 дақиқа жисмоний фаол бўлган инсонлар камроқ ҳаракатланадиганларга қараганда соғломроқ экан. Бундан ташқари, жисмоний фаоллик натижасида организмда биосинтез жараёни фаоллашади, қон айланиш жараёни 4-5 марта кучаяди, юрак қисқаришлари сони тезлашади, бу эса организмда янги энергия ҳосил бўлишига ва энергия билан таъминланиш яхшиланишига олиб келади.

