“Заковат” – билимдонлар беллашуви

Бухорода касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан интеллектуал ўйин ташкил этилди.

Жорий йил – касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги сифатида тарихда қоладиган муҳим давр. Шу муносабат билан бутун республика бўйлаб турли йўналишлардаги маърифий, маданий ва спорт тадбирлари ўтказилаяпти. Хусусан, 21–27 апрель кунлари “Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси ҳафталиги” доирасида таълим муассасаларида кенг қамровли тадбирлар ташкил этилмоқда. Мазкур ҳафталикнинг илк куни Бухоро вилоятидаги гўзал “Варнет” ботаника боғида таълим муассасаларида фаолият юритаётган педагог ходимлар, касаба уюшма фаоллари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди. Ушбу тадбир Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳамда Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирни очар экан, Республика Кенгаш раиси Равшан Бедилов қуйидагиларни таъкидлади:

– Ушбу интеллектуал ўйин – бу шунчаки беллашув эмас, балки касаба уюшмалари ҳаракатининг тарихи, бугунги кундаги фаолияти, ижтимоий-иқтисодий аҳамияти ҳақида чуқурроқ ўрганиш, фикр алмашиш ва билимларни бойитиш имкониятидир. Бу каби тадбирлар фаолларимизда ҳуқуқий саводхонликни ошириш, ижтимоий онг ва жамоавийлик туйғусини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Чиндан ҳам,  тадбирнинг асосий мақсади – таълим тизимидаги касаба уюшма фаолларининг билим ва тафаккурини юксалтириш, касаба уюшмалари фаолияти, унинг ҳуқуқий-меъёрий асослари ҳақида чуқур билим бериш, ижтимоий ва маънавий фаолликни ошириш ҳамда жамоавий руҳни кучайтиришдан иборатдир.

Интеллектуал ўйин давомида вилоятдаги турли таълим муассасалари ва олий ўқув юртларидан 16 та жамоа, жами 96 нафар билимдон иштирок этди. Уларнинг ҳар бири касаба уюшмалари тарихи, ривожланиш тенденциялари, меҳнат қонунчилиги, ижтимоий-иқтисодий ҳаёт ва маънавий соҳаларга оид саволларга жавоб беришда ўз билимларини намоён этдилар.

Ўйин якунида Олот тумани «Sapiens» жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Бухоро туманининг «Бухорий издошлари» ҳамда Қоракўл туманининг «Таянч» жамоалари муносиб равишда иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллашди. Ғолиб жамоалар ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиқлари ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Ўйинда иштирок этган педагоглар тадбир ҳақида ўз таассуротлари билан ўртоқлашдилар:

Анвар Нусратович Неъматов, Бухоро давлат университети Экология ва география кафедраси катта ўқитувчиси, Заковат клуби координатори:
– Бугунги тадбир мен учун ҳақиқий илҳом манбаи бўлди. Бу каби интеллектуал ўйинлар орқали нафақат билимимиз, балки жамоавий ҳамжиҳатлигимиз ҳам мустаҳкамланади. Билимларимизни синовдан ўтказишдан мамнунман.

Рахматов Эркин, Қоракўл тумани 34-умумий ўрта таълим мактаби директори:
– “Заковат” ўйинига тайёргарлик жараёнида касаба уюшмалари тарихи ва ҳуқуқий асослари билан яқиндан танишдик. Айниқса, меҳнат қонунчилиги бўйича берилган саволлар жуда қизиқарли ва манфаатли бўлди.

Райҳон НОСИРОВА,
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмалари Республика кенгашининг Бухоро вилояти бўйича  масъул ташкилотчиси

Print Friendly, PDF & Email