МОҲИ ХОСАДА СПОРТ ВА ДЎСТЛИК БАЙРАМИ

Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг қарорига асосан, 7 май — Радио ва алоқа куни байрами ҳамда юртимизда касаба уюшмалари ташкил этилганининг 120 йиллиги муносабати билан қатор маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ташкил этилмоқда. Ана шундай муҳим ташаббуслардан бири сифатида Бухоро шаҳридаги “Ситорайи Моҳи Хосса” санаторийсида бўлиб ўтган республика спорт мусобақасини эътироф этиш мумкин. Ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация соҳаси ходимлари ўртасида ўтказилган ушбу мусобақа чин маънода аҳиллик, жипслик ва соғлом турмуш тарзи ғоясини тарғиб қилиш, соҳада фаолият юритаётган ходимларни жисмонан ва маънан рағбатлантириш мақсадини кўзлади.  Унда  Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги саралаш босқичларида юқори натижа қайд этган 14 ҳудуддан 28 та терма жамоа мазкур тадбирнинг финал босқичида қатнашди.

Тадбир дастлаб спортчилар паради билан бошланди. Мусобақанинг очилиш маросимида ёш гимнастикачилар ва курашчилар томонидан чиқишлар намойиш этилди. Мусобақаларга марафон билан старт берилди. Қувонарлиси, ушбу марафонда 7 ёшдан 50 ёшгача бўлган барча иштирокчилар фаол қатнашишди. Аёллар ўртасида стол тенниси, шашка ва шахмат бўйича беллашувлар қизғин ва шиддатли тарзда кечди.

Тадбирнинг ўзига хос асосий йўналишларидан бири — “Она ва бола” жамоалари ўртасидаги мусобақалар бўлди. Қувноқ стартлар, тезлик ва эпчиллик эстафеталари, “Моҳир ҳужумчи” ва “Сакрашни боплаймиз” каби номлар билан юритилган мусобақалар барчага манзур бўлгани иштирокчиларнинг самимий қувончга тўла юзларида намоён бўлди.

Мусобақалар жараёнида турли ҳудуддан келган қатнашчилар ўз таассуротларини сўзлаб бердилар.

Тадбир доирасида болалар учун алоҳида ташкилий йўналиш сифатида “Олам болалар нигоҳида” мавзусидаги расмлар танлови ҳам ташкил этилди. Ёш истеъдодлар интернет, технология ва дунё манзараларини ўз хаёлитида акс эттирган асарлари билан ҳакамлар ҳайъатини лол қолдирди.

Тадбир доирасида иштирокчилар учун Бухоро шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳат ташкил этилди.

Жамшид ЭГАМОВ,

Тармоқнинг Бухоро вилояти бўйича масъул ташкилотчиси

Print Friendly, PDF & Email