
Ушбу тадбир доирасида янги технологиялар, хусусан, вазифаларни автоматлаштириш, интеллектуал воситалар ва мониторинг тизимларидан фойдаланиш, кенгайтирилган ва виртуал ҳақиқат, ҳамда алгоритмик бошқарув орқали меҳнат муҳофазасининг моҳияти қандай ўзгариб бораётгани юзасидан фикр алмашилди. Давра суҳбатида вилоят кенгаши раиси М. Олимов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ахборот технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш бўлими мудири З. Набиев, ҳамда Ўзбекистон агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси ўринбосари Ш. Жавлонов ва соҳанинг бошқа вакиллари иштирок этдилар.


Тадбир давомида мутахассислар томонидан иш жойларида соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ҳамда касб касалликларининг олдини олиш, меҳнат муҳофазаси тўғрисидаги қонунчиликка амал қилишда жамоатчилик назоратини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, меҳнат муҳофазаси соҳасидаги сўнгги технологик ютуқлар, айниқса сунъий интеллект ва рақамли технологиялар асосида хавфсизлик тизимларини қайта кўриб чиқиш ва модернизация қилиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Тадбир доирасида меҳнат муҳофазасига бағишланган кўргазмалар, ишчи-ходимларнинг махсус кийимлари, шахсий ҳимоя воситалари намуналари ярмаркаси ташкил этилди. Шунингдек, ходимларнинг ҳуқуқий ва меҳнат соҳасидаги саводхонлигини ошириш мақсадида меҳнат муҳофазаси, амалдаги қонунлар ва инсон хавфсизлигига доир заковат ўйини ўтказилди.


Меҳнат муҳофазаси замонавий жамиятнинг ишлаб чиқариш тизимларида муҳим ўрин тутади. Инсон ҳаёти ва соғлиғи иқтисодий манфаатлардан устун қўйилаётган бугунги кунда, иш жойларида хавфсизликни таъминлаш борасида комплекс ёндашув талаб этилмоқда. Бу технологиялар нафақат хавфсизликни таъминлаш, балки ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга ҳам хизмат қилмоқда.
Тадбир якунида “Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш” мавзусидаги Республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиблари тақдирланди. Уларга вилоят кенгаши томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.


