“Тараққиёт аниқ, аммо қилинадиган ишлар кўп: келинг, саъй-ҳаракатларни тезлаштирайлик!”

Ўзбекистонда болалар меҳнатига қарши курашиш бўйича бир қатор амалий ишлар олиб борилди ва бугунги кунга келиб пахтачиликда болалар меҳнатига бутунлай барҳам берилди. 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федератсияси томонидан ҳам ҳар йили Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Иш берувчилар конфедератсияси билан ҳамкорликда республикамизнинг болалар соғломлаштириш оромгоҳларида “Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни”га бағишланган тадбирлар ташкил этиб келинмоқда.

 Хусусан, сана муносабати билан 2025 йилнинг 12 июнь куни Ғиждувон туманида жойлашган “Болалар сайёраси” болалар соғломлаштириш оромгоҳида “Тараққиёт аниқ, аммо қилинадиган ишлар кўп: келинг, саъй-ҳаракатларни тезлаштирайлик!” мавзусида “Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни”га бағишланган ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда тадбирлар ўтказилди.

Бундай тадбирлар Бухоро вилоятида фаолият юритаётган 10 та статционар болалар соғломлаштириш оромгоҳларида ҳам ташкил этилмоқда.

Тадбирлар доирасида вилоят кенгаши ва тармоқ касаба уюшмалари мутахассислари томонидан турли ёшдаги болаларга мазкур сананинг моҳияти интерактив усуллар орқали тушунтириб берилди. Жумладан, тадбир иштирокчиларига Халқаро меҳнат ташкилотининг ташаббусига кўра ҳар йили 12 июнь барча давлатларда Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни сифатида кенг нишонланиши, жорий йил мазкур санага бағишланган тадбирлар бутун дунё бўйлаб “Болалар меҳнатига барҳам бериш учун умумий ижтимоий ҳимоя!” шиори остида ўтказилаётганлиги ҳамда мамлакатимизда бола ҳуқуқларининг таъминланиши тўғрисидаги слайдлар ёрдамида батафсил маълумотлар берилиб, тематик видеороликлар намойиш этилди.

 

Тадбир давомида оромгоҳда дам олаётган  200 нафар дам олувчи болажонлар ўртасида қўшиқ ва шеърлар, расм чизиш танловлари,  уларнинг келажакдаги касбларига оид  расмлар кўргазмалари, гуруҳларга бўлинган ҳолда қизиқарли ўйинлар ва спортнинг стол тенниси, шахмат, шашка каби турлари бўйича мусобақалар ўтказилиб, якунда оромгоҳ дам олувчиларининг концерт дастурлари намойиш этилди.

Тадбирлар сўнгида ҳакамлар томонидан ғолиблар  ва фаол иштирокчилар  сараланиб, вилоят кенгашининг диплом ва фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

вилоят кенгаши матбуот котиби

Print Friendly, PDF & Email