

Бухоро шаҳрида янгидан барпо этилган “Бухоро” болалар соғломлаштириш оромгоҳининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси болаларни дам олишини ва соғломлаштиришини ташкил этиш департаменти директорининг биринчи ўринбосари Хуршид Умаров, кенг жамоатчилик вакиллари, зиёлилар, нуронийлар ва маҳалла фаоллари, ота-оналар ҳамда болажонлар иштирок этдилар.



Тадбирда сўз олган Ботир Зарипов ва бошқалар бугунги кунда мамлакатимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида жамият ҳаётининг ҳар бир соҳасида амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишларнинг, энг аввало, инсон манфаатларини таъминлашга қаратилганлигини алоҳида қайд этиб, бу жараёнда кўҳна тарихга эга Бухоро янги Ўзбекистоннинг бир бўлаги сифатида чин маънода янгиланаётганига эътибор қаратдилар.
Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар марказида инсон ва унинг манфаати турганлиги, хусусан, болаларга ғамхўрлик қилиш, уларнинг саломатлиги, таълим-тарбияси ва дам олишини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги алоҳида таъкидланди.
Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2022 йил 18 ноябрда қабул қилинган болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–427-сонли қарор асосида болаларнинг соғломлаштириш тизими тубдан қайта кўриб чиқилди. Шу асосда “Бухоро” болалар оромгоҳи Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан махсус манзилли дастур доирасида қурилди. Қурилиш ишлари 56 миллиард сўмни ташкил этди.

Умумий 4,2 гектар майдонда жойлашган оромгоҳ 250 нафар бола учун мўлжалланган бўлиб, замонавий икки қаватли ётоқхона, маъмурий бино, машғулот ва тиббиёт хоналари, ошхона, волейбол ва минифутбол майдонлари, амфитеатр ва сув ҳавзасидан иборат.
Оромгоҳда кутубхона, “Маънавият хонаси” ва турли тўгараклар болаларнинг интеллектуал ва маънавий ривожланишига хизмат қилади. Ушбу муассасада болаларнинг жисмоний ҳолати, руҳий саломатлиги, ижодкорлик қобилияти ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилган 12 кунлик намунавий дастур асосида фаолият йўлга қўйилган.
Оромгоҳдаги барча хоналар алоҳида дид асосида энг замонавий мебель, маиший техника жиҳозлари, ошхона анжомлари билан таъминланган. Кенг кўламдаги ободонлаштириш ишлари билан бирга болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун кўргазмали бурчаклар ташкил этилгани янада аҳамиятлидир. Ушбу масканда болажонларни дармондориларга бой таомнома асосида тўғри овқатлантириш тизими йўлга қўйилган.
Тантаналар давомида республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишларининг мазмун-моҳияти, уларнинг барчаси инсон манфаатларига хизмат қилаётгани, ёш авлод вакилларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликларнинг аҳамияти болаларга хос чиқиш ва саҳна кўринишлари орқали ифода этилди.




Оромгоҳда дам олаётган ўғил-қизлар иштирокида ташкил этилган концерт дастурида ёш авлод вакиллари Она Ватанимизда бугунги кунда ёш авлод камолоти учун кўрсатилаётган эътибор, ўғил-қизларнинг ўз салоҳиятларини намоён этишлари учун давлатимиз томонидан яратиб берилаётган имкониятларни, барқарор тинчлигимиз ва мусаффо осмонимизни мадҳ этувчи куй ва қўшиқларни ижро этдилар.





