«Бўстон резорт» — икки халқнинг дўстлиги рамзи

 

Яқинда корхона, касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ташкилот ва муассасаларда фаолият юритаётган бир гуруҳ  касаба уюшмаси фаоллари Қирғизистоннинг гўзал гўшаси — Иссиқкўл вилоятида жойлашган «Бўстон резорт» пансионатига саёҳат уюштирдилар.

Тяншань ва Ола Тоғ бағрида, дунёдаги энг йирик тоғ кўлларидан бири бўлган Иссиқкўл соҳилида жойлашган ушбу дам олиш маскани — икки қардош халқ, ўзбек ва қирғизлар ўртасидаги мустаҳкам дўстлик рамзи сифатида хизмат қилмоқда. Замонавий стандартларга тўлиқ жавоб берадиган, сўнгги русумда жиҳозланган пансионатда чўмилиш ҳавзасидан фойдаланиш Қирғизистон фуқаролари учун бепул қилиб белгилангани бу ердаги меҳмондўстлик ва бағрикенгликни яққол намоён этади.

Пансионат ҳудудида 250 ўринли замонавий ресторан, очиқ ҳаводаги овқатланиш масканлари, болалар майдончалари, бассейн, футбол ва волейбол майдонлари, фитнес тренажёрлари юқори савияда жиҳозланган. Шунингдек, узунлиги 500 метр бўлган пляж, замонавий қайиқ ва катерлар, қулай ва шинам хоналар — барчаси меҳмонларнинг чинакам ҳордиқ чиқариши учун хизмат қилади. Бу ерда яратилган шарт-шароитлар тўрт юлдузли меҳмонхоналар даражасида эканини алоҳида таъкидлаш лозим.

Ҳарорат ўртача 23°C ни ташкил этади, қишда энг паст ҳарорат минус 10°C гача тушса-да, Иссиқкўл ҳеч қачон музламайди. Саёҳат даврида ҳаво ҳарорати 17°C бўлишига қарамасдан, ҳаво илиқ ва баҳорона эди. Маҳаллий аҳоли таъкидлаганидек, кўлда чўмилиш сентябрь ойигача давом этади.

Пансионат меҳмонлари учун “Барскон шаршараси” ва “Каньон эртаги” деб номланган табиий гўзалликларга уюштирилган саёҳатлар ташриф буюрганларда унутилмас таассуротлар қолдирди.

Тарихий манбаларга кўра, Иссиқкўл 2500 йил аввал содир бўлган кучли ер силкиниши натижасида пайдо бўлган. Кўл тубида аниқланган қадимий шаҳар харобалари бу тахминни янада тасдиқлайди. Шу сабабли, маҳаллий аҳоли бу кўлни илоҳий деб билиб, унинг сувини шифобахш деб ҳисоблашади.

«Бўстон резорт» — нафақат чиройли дам олиш маскани, балки икки қардош халқ ўртасидаги тинчлик, тотувлик ва дўстлик тимсоли сифатида ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бундай муҳташам ижтимоий объектлар халқларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, минтақа келажаги учун хизмат қилади.

 

Бухоро вилоят кенгаши ижтимоий суғурта бўлими мудири Халима Рузиева.

Print Friendly, PDF & Email