
Юртимизда миллий қадриятларни асраб-авайлаш, тарихий меросга ҳурмат билан ёндашиш, нуронийларга эҳтиром кўрсатиш ва ёшларни ана шундай фазилатлар руҳида тарбиялаш мақсадида муҳим маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Кексалар ҳафталиги доирасида касаба уюшмалари тизимида фидокорона меҳнат қилган нуронийлар иштирокида “Етти пир зиёрати” ҳамда “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди.
Тадбир иштирокчилари аввало, Бухоро замини бағрида жойлашган, улуғ алломалар хотирасини мужассам этган “Етти пир” зиёратгоҳларига ташриф буюришди. Бу муқаддас қадамжоларда аждодларимизнинг илмий ва маънавий мероси, уларнинг халқимиз тарихидаги беқиёс ўрни ҳақида сўз юритилиб, ёш авлод вакилларига ибрат бўладиган сабоқлар берилди.

Зиёратдан сўнг эса уч авлод вакилларини бирлаштирган яна бир муҳим тадбир – “Уч авлод учрашуви” ташкил этилди. Бу учрашувда узоқ йиллар давомида касаба уюшмалари тизимида фидокорона меҳнат қилган нуронийлар, ўрта авлод вакиллари ҳамда истиқболли ёшлар бир сафда жам бўлди. Тадбир давомида фидойи меҳнаткашлар хизматлари юксак баҳоланиб, уларга чуқур ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилди.
Мазкур учрашувда Ўзбекистон давлат ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашида ўзининг самарали фаолияти билан эътироф этилган бир гуруҳ нуронийлар иштирок этдилар. Улар орасида Алимхаджаева Жория Латиповна 1995–2010-йилларда Ўзбекистон Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси лавозимида фаолият юритган, Истоқов Аъзам Исоевич 1999–2013-йилларда Самарқанд вилоят касаба уюшмаси кенгашига раҳбарлик қилган, Хамидова Лютция Анваровна 1988–1998-йиллар давомида тармоқ тизимида самарали фаолият олиб борган, Бозорова Норжон Бакоевна 1998–2011-йиллар давлат ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси лавозимида меҳнат қилган.

Учрашувда соҳа фидоийларининг касаба уюшмаси тизимидаги садоқатли меҳнати, ишчи-ходимлар манфаатларини ҳимоя қилишдаги ташаббуслари ва хизматлари алоҳида эътироф этилди. Бу инсонларнинг ҳаёт йўли ва касбий фаолияти ёшлар учун чинакам ибрат мактаби сифатида намоён бўлди.
Тадбир чоғида нуронийларнинг дуолари янгради, ўрта авлод улардан сабоқ олди, ёшлар эса келажакка катта ишонч ва масъулият билан қарашларини изҳор этдилар.
Шубҳасиз, “Етти пир зиёрати” ва “Уч авлод учрашуви” каби тадбирлар – халқимиз қадриятларини улуғлаш, авлодлар ўртасида узвийликни мустаҳкамлаш, нуронийларга эҳтиром кўрсатишнинг ёрқин намунаси сифатида хизмат қилади.