Ёшлар билан учрашув

Маълумки, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати изчиллик билан амалга оширилмоқда. Куни кеча нишонланган мустақиллигимизнинг  ўттиз уч йиллик муносабати билан Давлатимиз раҳбари томонидан ёшларга яна бир карра катта ишонч билдирилиб, улар олдига янги вазифалар қўйилди. Касаба уюшмалари томонидан 26 сентябр куни “ВАРНЕТ” ботаника  боғида “Раҳбар, тадбиркор ва ёшлар” учрашуви ҳамда корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият юритаётган меҳнат жамоаларидаги ёш ходимлар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини бўлиб ўтди. Мазкур давра учрашув замирида ёшларга оид давлат сиёсатининг жойларда амалга оширилаётганининг яққол кўринишидир. Мазкур учрашувда вилоят кенгаши раиси, тармоқ масъул ташкилотчилари, бирлашган қўмиталар, вилоят ва Бухоро шаҳар кенгашлари раислари ва масъул ходимлари ва шунингдек касаба уюшмаси фаоллари, меҳнат жамоаларида фаолият олиб бораётган 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган ёшлар, оммавий ахборот вакиллари  иштирок этишди.

Учрашув давомида вилоят кенгаши раиси М.Олимов томонидан ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ривожланишлари учун шарт-шароитлар яратиш, ёш авлод учун мамлакатимиздаги мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш каби долзарб масалалар  юзадан нутқ сўзлаб, ёшлар ўртасида илм-маърифатни, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ҳам бугунги куннинг асосий вазифаларидан эканлигини таъкидлади. Шунингдек, учрашувда Бухоро шаҳар нодавлат таълим ташкилоти раҳбари, ёш тадбиркор Иброҳимова Шахзода Акмал қизи иштирок этиб, мамлакатимизда ёш тадбиркорлар учун мавжуд имтиёзлар, “START-UP” лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш борасида  ўз тажрибасидан келиб чиққан ҳолда маълумот берди. Мазкур учрашув қизиқарли савол-жавоблар билан давом этди.

Шундан сўнг иқтидорли ёшларнинг мантиқий билимларини ошириш, уларни интеллектуал ўйинларга кенг жалб қилиш,  ёшларнинг иқтидорини намоён этиш ва қўллаб-қувватлаш билан бирга уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш ва мотиватсия бериш мақсадида корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият юритаётган меҳнат жамоаларидаги ёш ходимлар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини бўлиб ўтди ва унда ҳар бир тармоқ касаба уюшмалари  тизимидаги корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган  ёшлардан 6 нафардан иштирокчи қатнашди.

Шижоатли ёшларимиз ўйин давомида тарихий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий, мантиқий, шунингдек, касаба уюшмалари тизимига оид бўлган саволларга белгиланган вақтда, уюшган ҳолда жавоб бериб, ўзаро куч синашди.

Якуний хулосаларга кўра, мутлоқ ғолиблик Бухоро Давлат Университети жамоасига насиб этди ва ғолиб бўлган жамоаларга  Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилоят кенгашининг эсдалик совғалари ҳамда фахрий ёрлиқлари топширилди.

Print Friendly, PDF & Email