Амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилояти Кенгашида 2024 йилда “Аёллар дафтари” тизимининг 5-босқичида вилоятда амалга оширилган ишлар натижадорлиги ҳамда 2025 йилда бажарилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.

Жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича Бухоро вилоятига бириктирилган вакил, вилоят штаби раҳбари, Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси ўринбосари, Ш.Жавлонов, вилоят ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Ҳ.Артикова, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг вилоят Кенгаши раиси М.Олимов, вилоят секторлар раҳбарлари ўринбосарлари, Маҳаллалар уюшмаси, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси, Молия ва иқтисодиёт бошқармаси, Марказий банк ва тижорат банклари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, туман-шаҳар ҳокими ўринбосари, Оила учун ва хотин-қизлар бўлими бошлиқлари ва бошқа масъул бошқармалар раҳбарлари ҳамда туман-шаҳар ҳокимликларида ташкил этилган студиялардан ҳудудлардаги масъул раҳбарлар иштирок этди.  

 

Йиғилишда “Аёллар дафтари” доирасида 2024 йилда амалга оширилган ишлар тоифалар кесимида таҳлил қилинди. Йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилиниб, мутасаддиларнинг ҳисоботлари тингланди.  

Жумладан, 2024 йилнинг ўзида 59 мингдан ортиқ хотин-қизларга 6 та тоифа бўйича вилоят ҳокими раҳбарлигида секторлар, масъул ташкилот ҳамда бошқармаларни жалб этган ҳолда ижтимоий-иқтисодий, тиббий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам берилди.  

Дафтарга киритилган 59 508 нафар хотин-қизлардан 59 167 нафарининг муаммолари ўрганилиб, ҳал этилди. Чунончи, тегишли масъулларни жалб этган ҳолда 29 569 нафар ишсиз хотин-қизлар бандлиги таъминланди. 4 295 нафар тадбиркорлик қилиш истагида бўлган хотин-қизларга кредитлар берилди. 11 153 нафар боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизларга бир марталик моддий ёрдам маблағлари ажратилди, 82 нафар хотин-қизларни уй-жойи таъмирлаб берилди. 11 715 нафар ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизларга бир марталик моддий ёрдам маблағлари ажратилди. 70 нафар хотин-қизлар уй-жой билан таъминланди. 119 нафар хотин-қизларнинг ижара компенсацияси тўлаб берилди.  

Шунингдек, йиғилишда “Аёллар дафтар”нинг 6-босқичига старт берилгани, жорий йилда жойларда эҳтиёжманд хотин-қизлар билан хонадонма-хонадон юриб, суҳбатлар ўтказиш орқали уларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ҳамда “Аёллар дафтари” орқали уларга манзилли ёрдам кўрсатиш хусусида тегишли тавсиялар берилди.  

Print Friendly, PDF & Email