Барча бўғиндаги касаба уюшма ташкилотларида ўтказиладиган ҳисобот-сайлов йиғилишлари ва конференциялари олдидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилоят кенгаши томонидан туманларда ўқув-семинарлари ўтказилмоқда.
2025 йилнинг 28 январь куни Бухоро туманида ўтказилган ана шундай семинарда тумандаги барча корхона ва ташкилотларнинг бошланғич касаба уюшма қўмиталари раислари ва фаоллари иштирок этдилар.
Семинарда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вакили Бухоро вилоят штаб раҳбари Ш. Жавлонов охирги йилларда Янги Ўзбекистоннинг янги касаба уюшмалари ҳаётида туб бурилишлар ва улкан ўзгаришлар юз берганлигини алоҳида таъкидлади. Хусусан, ижтимоий шериклик кўламини ошириш, ходимларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида маданий-маърифий, спорт ва соғломлаштириш йўналишларидаги ишлар хусусида сўз юритди.
Шунингдек, семинарда вилоят кенгаши раиси ўринбосари Ҳ. Бешимов ҳамда тизим масъулари томонидан 2025 йилги ҳисобот-сайлов йиғилишлари ва конференцияларини талаб даражасида ўтказишнинг аҳамияти, бу борада эътибор қаратилиши зарур бўлган жиҳатлар хусусида батафсил кўрсатма ва тавсиялар берилди. Касаба уюшмалари фаолиятининг устувор йўналишларидаги ишларни амалга ошириш, ходимларнинг муносиб шароитларда меҳнат қилиши ҳамда Жамоа шартномаларида белгиланган ижтимоий имтиёз ва кафолотлардан фойдаланишини таъминлаш, иш берувчилар билан жамоа музокараларини олиб бориш масалаларида иштирокчиларнинг билим ва кўникмалари мустаҳкамланди.
Ҳисобот-сайловларига оид ўқув семинарлар вилоятимиздаги барча туман ва шаҳарларда режа жадвалга асосан бўлиб ўтмоқда.