
Ўтган асрнинг 50-60-йилларида Бухоро пахтачилигининг йирик селекционер олими (раҳматли) Авхат Баталов вилоят ҳокими номига Бухоро шаҳри, вилоятнинг шаҳар ва туманлари марказларига асосан шумтол яъни ясень дарахти ўтказилгани, ҳозирги кунда уларни пала — партиш қўпориб ташлаш ҳолатлари кузатилаётгани, бунга асло йўл қўйиб бўлмаслигидан безовта бўлиб, хат киритганидан хабардорман. Бу дарахт халқимиз орасида “ўрис дарахт” номи билан аталади. Тўғриси, шумтоллар Бухоронинг иқлим шароитида у қадар баравж ўсмаса-да, унинг иқлимимизга ниҳоятда чидамли эканлигини кузатиш мумкин. Бу дарахтни селекционер олим “Бухоронинг яшил қалқони” деб атаган эди. Ҳозирги кунда ҳатто шу дарахтлар ҳам жуда камайиб кетди, шунингдек, янгидан бирор ерда ўтқазилаётгани ҳам йўқ.
Манзарали дарахт сифатида фойдаланаётганимиз нина баргли дарахтлар эса касаллик тарқатувчи ҳашаротлар доимий яшил бўлиб ўсувчи бу дарахтларга кўчиб ўтиши натижасида ҳаддан ташқари кўп касалликларга чалинмоқда.
Ромитан тумани маркази йўллари ўртасида қора арча дарахтлари ўтқазилган бўлиб, уларни ўсиб туриши учун йилига 5 — 6 марта турли хил химикатлар билан ишлов бериш ва баргларини ювишга тўғри келар, бу ишлар анча вақт ва ташкилий ишларни, харажатларни талаб қиларди. Аммо улар бу ташвишга яраша на мева ва на айтарли соя — салқин берарди, аслида.
Мен Нодир Девонбеги мадрасаси ичида баравж ўсиб ётган тут дарахтларини кўриб ўз жойига, иқлимига мос қилиб қурилмагани боисидан оддий дарахт келтириб чиқарган ўша катта ташвишларни хотирладим.
Хўш, нега кейинги йилларда манзарали дарахт сифатида нина баргли дарахтлар ўтқазиладиган бўлди. Аслида, манзарали дарахтлар, жумладан, арча, қора арча, қарағай ва қора қарағай табиатан узоқ йил яшайдиган дарахтлар саналса-да, аммо бизнинг иқлим шароитимизда жуда тез қариб қолаётганини кузатиш мумкин. Қарағай (сосна) бизнинг шароитимизда 15 — 20 йил ўтмай эскириб, пастки шохлари қуриб қолаётгани, шунингдек, ҳаво ҳарорати 15 даражадан пастлаганда совуқ уриб кетиши кузатилмоқда. Қора арча (можжевельник) дарахти эса ҳаддан ташқари кўп касалликка чалинаётгани оқибатида улар ҳам қуриб қолаётганини кузатиш мумкин. Кейинги йилларда ўрмон хўжаликлари ва ободонлаштириш бўлимлари асосан нина баргли дарахтларни етиштиришга ихтисослаштирилди, бошқа дарахтлар оммавий тарзда етиштирилмади. Кимдир балхи тут, гужум, чинни гужум, чинор, эман ёки шунга ўхшаш дарахтларни ўтқазишни истаса-да, аммо уларни излаб топиш амри маҳол бўлгани боис, ўтқазиш чекланганича қолмоқда.
Албатта қаердадир ёввойи ўрмонча сифатида турли навдаги дарахтларни аралаш қилиб ўтқазиш лозим, аммо қаердадир ҳар бир дарахт тароватидан баҳра олиш ва унинг имкониятларидан самарали фойдаланиш мақсадида бир хил навли дарахтларни қатор қилиб ўтқазиш зарурати туғилади. Гапимнинг исботи учун шуни айтмоқчи эдимки, ҳозирги кунда Бухоро шаҳри кўчаларидаги дарахтларнинг ишлов бериш технологиясининг турлича эканлиги, уларнинг сувга талабчанлиги, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш жиҳатлари бир — бирига мослиги ўрганилмаган ҳолда пала — партиш қурилгани оқибатида бу дарахтларнинг табиий кўркамлигидан баҳра олиш имкони чекланганича қолмоқда.
Хожа Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳига йўлингиз тушган бўлса, у ерда ниҳоятда барқ уриб ўсаётган чинни гужумларга кўзингиз тушгандир. Ниҳоятда сўлим манзара. Нега шунақа дарахтларни йўл бўйларида ўтқазиш, уларнинг кўчатларини етказишни кўпайтириш мумкин эмас?
Бу масалада Тошкент шаҳрида жуда катта тажриба бор, жумладан, шаҳарнинг Алишер Навоий шоҳ кўчасида асосан эман, Буюк ипак йўли шоҳ кўчасида чинор, Сергели туманидаги кўчалардан бирида фақат каштан дарахтлари ўтқазилган бўлиб, шу кўчалардан ўтганингизда уларнинг яшнаб турганидан кўзингиз қувонади ва тароватидан баҳра оласиз.
Тошкент шаҳрида, 1966 йилги зилзиладан кейин қайта қуриш олиб борилаётган пайтда, марказий майдоннинг Фавворалар хиёбони ёнида бир дона эман дарахти бўлиб, шу жойнинг меъморий ечимлари нуқтаи — назаридан уни олиб ташлаш лозим бўлиб қолган. Масала Республиканинг биринчи раҳбари даражасигача кўтарилади. Ўша пайтларда юрт раҳбари бўлган Шароф Рашидов бу ниҳоятда жиддий масала, ўзим бориб кўриб, фикримни айтаман дейди ва эртаси куни тонг саҳарда шу майдонга етиб келади. Юз ёшли эман дарахти барқ уриб ўсиб турганини кўрган мамлакат раҳбари ҳеч бир иккиланишсиз, эман дарахтини сақлаб қолиш бўйича кўрсатма беради. Биз студентлик йилларимизда бу дарахт тўғрисида кўп бора гапирилган эди, студентлар тўп — тўплашиб шу дарахт остида суратга тушишар эдилар. Ўша дарахт ҳали — ҳамон яшнаб ўсиб турганини ҳар сафар кўриб гувоҳи бўламан. Аслида ҳар бир дарахтга худди шундай эҳтиёткорлик билан муносабат қилиниши лозим.
Фикримча, Бухоронинг “яшил қалқони”ни яратиш учун йўл бўйларига кам ишлов бериладиган, кам сув талаб қиладиган, узоқ йиллар ўсадиган, турли хил касалликларга чидамли бўлган, маҳаллий ҳудуднинг иқлим шароитига мос дарахтларни ўтказиш лозим. Хусусан, йўл ва ариқлар бўйларида эман, терак, чинни гужум, тол, каштан, тут, япон саффораси ва шунга ўхшаш манзарали дарахтларни кўпайтириш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.
Умуман олганда, муҳтарам Президентимиз томонидан кўтарилган ва бугунги кунда ниҳоятда долзарб бўлган атроф муҳит ободончилиги ва экологик шароитни яхшилаш, боғ-роғлар бунёд этиш ҳозирги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир.
Муҳаммадқосим ОЛИМОВ,
Федерациянинг Бухоро вилоят кенгаши раиси