Касаба уюшмалари минг йил аввал пайдо бўлганми?

Касаба уюшмалари ташкил этилганига 120 йил тўлганидан шу сана муносабати билан ўтказилаётган турли тадбирлар ва оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлар орқали хабардор бўляпмиз. Тўғри, расмий ҳужжатлардаги маълумотлар  касаба уюшмалари бир асрдан сал ошиқроқ  вақтдан бери фаолият юритаётгани ҳақидаги хулосани келтириб чиқариши мумкин. Аммо тарихий манбалар бундан минг йиллар муқаддам юртимизда касаба уюшмаси каби тузилманинг бир қанча кўринишлари шакллангани, унинг қонуниятлари маълум жамоаларда ўз таъсирига эга бўлганини кўрсатиб беради.

Қадим-қадимдан Ўрта Осиёнинг йирик шаҳарларида ҳунармандлар касбларига қараб, жамоаларга бирлашишган ва бу билан ўзларини ҳар қандай ҳукумат, амалдор ёки бирор зодагон тазйиқидан ҳимоялашган. Бу бирлашишнинг асосий сабаби уста томонидан ишлаб чиқарилган буюмнинг сифати, нархи, сотилишини назорат қилишдан иборат бўлган. Айтиш жоизки, бир бутун маҳалла ва гузарлар аҳолиси алоҳида касб-ҳунар билан шуғулланиб келган. Кейинчалик маҳаллалар касб номи билан ҳам атала бошланган. Масалан, Самарқандда Кулолон, Сўзангарон, Камонгарон, Бухорода Тагбандбофон, Шишахона, Сўзангарон, Ҳалвогарон сингари маҳалла номлари ҳозиргача сақланиб қолганидан хабардормиз. Мабодо жамоа устаси бирор сабаб билан ишлай олмаса уюшма хазинасидан унга маош ажратилган. Бу вазифани бажарувчи ташкилотнинг ҳозирги касаба уюшма ўрнидаги ташкилотга ўхшаш жиҳатлари ниҳоятда кўп. Унда усталар жамоаси ўз қатъий низом ва қоидаларни жорий қилишган. Темирчилар оқсоқоли Бобойи Оҳангарон, мисгарлар оқсоқоли Бобойи Мисгарон, заргарлар оқсоқоли Бобойи Заргарон каби номлар билан улуғланган. Жамоа сардори оқсоқол усталар билан келишиб ўзлари тузган рисолани қози томонидан тасдиқлатиб олишган. Ушбу рисолани бугунги жамоа шартномаларига қиёслаш мумкин. Араб қўлёзма манбаларида ёзилишича, нафақат араб давлатлари ўрта асрларда Европа давлатларида ҳам ҳунармандлар жамоалари ўз қатъий қоидаларига риоя қилган ва унинг бузилмаслигини назорат қилишган. Масалан, Парижда “Ҳунармандчилик китоби”, “Франкфурт мато ишлаб чиқарувчилар низоми”, “Лондон  ҳунармандлар гильдиясининг фармони” каби низомларга ушбу шаҳарларда амал қилинган. Шу каби ҳунармандчилик қонун ва қоидаларининг жамланмаси мамлакатимизда “Рисола” ёки “Мажмуайи рисола” деб номланган. Ҳозирги пайтда Ўзбекистон ва дунёнинг кўплаб мамлакатлари кутубхоналари ҳамда мўзейларида ҳунармандчилик рисолалари сақланиб келинмоқда. Уларнинг араб, форс ва турк тилида ёзилган кўлёзма ва тошбосма нусхалари бизгача етиб келган. Бу қўлёзмалар асосан кичкина тахминан 10х12см ҳажмидаги китобча кўринишида тайёрланган. Яъни олиб юришга ва устахонада сақлашга қулай бўлган.

Рисола арабча сўз бўлиб, хабарнома, хат, фикрлаш, ҳунармандчилик афсонаси, низом ва касб-кор ҳолати, деган маъноларни билдиради. Кўпгина мамлакатлар шарқшунос олимлари бу рисолаларни ўрганиб, тадқиқот олиб боришганида мазкур китоблар ўша даврнинг тарихий ёзма манбаси сифатида ишлатишган. Бизгача сақланиб келган тошбосма нашлар бир неча ҳунармандчилик турларини ўз ичига олади. Бу рисолалар “Мажмуайи рисола” деб номланади. Қўлёзма шаклидаги жамланма рисолалар эса “Куллиёт” деб аталган. Бугунги кунгача сақланган қўлёзмаларнинг энг қадимийси ҳижрий 1003, милодий 1594-1595 йилларга тааллуқлидир. Тошбосма шаклидаги рисолалар эса шунга ўхшаш қўлёзма нусхаларининг қайта ишланган шакли ҳисобланади. Эски рисолаларнинг бизгача камдан кам сақланишининг сабаби уни усталар ўзлари билан чўнтакларида тумор сифатида олиб ҳам юришган. Айрим рисолалар бир ҳунар турига тегишли бўлса ҳам бир-биридан фарқ қилар эди. Чунки кўчирув жараёнида уни кенгайтириш ёки қисқартириш мумкин бўлган. Рисолалар кўпчилиги кайси касбга тегишли бўлишидан қатъий назар тузилиш жиҳатидан бир хил стандартда бўлган. Ҳар хил турдаги касб рисолаларнинг бир хил хусусияти шундаки, уларни келиб чиқиши генетик жиҳатдан ягона уюшма ҳақида эди.

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, касаба уюшмалари узоқ тарихий босқичларни босиб ўтган бир ижтимоий воқеликдир.  

 

Бобур ҚОБИЛОВ,

Арк ўлкашунослик музейи илмий ходими

Print Friendly, PDF & Email