БОБУР ВА МАССЕРМАН ҚОИДАСИ

Инсоният ўз тарихида ҳаётини  халқ хизмати, юрт ободлиги, давлат тараққиёти йўлида бахшида этган саноқсиз ҳукмдорлар, соҳиби салтанат подшоҳларни кўрган. Александр Македонскийдан Юлий Цезаргача, Чингизхондан Амир Темургача, Сулаймон Қонуний, Банопарт Наполеон, Жорж Вашингтон, Авраам Линкольн, Мао Цзе Дун, Маҳатма Ганди, Уинстон Черчилль ва бошқалар. Улар ҳар бири ўзига хос бошқарув мактаби яратган улуғ сиймолар саналади. Зотан, дунёдан қанча ҳукмдор ўтган бўлса, давлат бошқарувида уларнинг бир — бирига ўхшамаган беқиёс тажрибаси бор.

Аслида биз қонунлар доирасидаги идеал давлат бошқарувини орзу қиламиз. Бошқарувда шахснинг ўрни ва роли беқиёс эканлигини инобатга оладиган бўлсак мана шу ўзига хосликни яхлит бир қолипга солиш, қонунлар доирасида чеклаб қўйишнинг имкони йўқ. Ҳар ким истеъдоди, жасорати, ҳаракатчанлиги, фидоийлиги, чаққонлиги, тезкорлиги, адолатпарварлиги, шахсий ёндашуви ва бошқа ўзига хос фазилатлари билан ажралиб туриши табиий ҳол.

Манбалар шуни кўрсатадики, бир неча йил мақаддам “Тайм” журналида тарихчилар, ёзувчилар, ҳарбийлар ва бошқа касб вакилларининг “Тарихнинг буюк доҳийлари” мавзуидаги тўплам мақолалари эълон қилинган. Унда жуда кўплаб буюк шахслар ҳақида, жумладан, Маҳатма Ганди, Будда, Авраам Линкольн ва ҳоказоларни санаб ўтишган. Шу ўринда Чикаго университети профессори Жюл Массерман масалага аниқ мезон — ўлчовлар билан ёндашишни таклиф этиб, унинг фикрига кўра, сардорлар учта вазифани бажаришлари керак. Биринчидан, ўзлари бошқарган халқни тинч ва фаровон ҳаёт билан таъминлаган бўлиши, иккинчидан, одамлар ўзини хавф — хатарсиз, хотиржам сезадиган жамият қурган бўлиши, учинчидан, одамларга иймон, ишонч ва эътиқод йўлини тақдим қилиши зарур. Массерман мазкур уч мезон асосида буюк  тарихий шахсларни ўрганиб чиқиб, қуйидаги хулосани илгари сурган: “Пастер ва Салк каби доҳийлар биринчи мезонга жавоб беради. Ганди ва Конфуций бир томондан, Александр Македонский, Цезарлар бошқа томондан иккинчи ёки учинчи талабларни қондиради. Будда эса, фақат учинчи тоифага мансубдир.

Бизни эса бир савол ўйлантиради: халқимиз тарихининг закий ҳукмдорларидан бири, улкан мамлакатнинг буюк империясига асос солган темурий шаҳзода Заҳириддин Муҳаммад Бобурни бу тоифаларнинг қай бирига киритиш мумкин? Назаримда, у Массерман тартиб қилган уч тоифанинг ҳаммасига мансубдир. Биз “Бобурнома”да келтирилган далиллар орқали унинг ҳукмдор сифатидаги масъулияти, давлатни бошқаришдаги қатъияти, раҳбарлик санъати, қўли остидаги шахсларга нисбатан муносабати, ўз даври шахсларини баҳолашдаги адолат мезонлари тўғрисида баҳоли қудрат тўхталамиз. Зотан, у ўзининг мана шу фазилатлари орқали ўз халқини тинч ва фаровон ҳаёт билан таъминлай олган, халқ ўзини хавф-хатарсиз, хотиржам сезишига шароит яратган ва одамларни иймон, эътиқод йўлидан юришга даъват этолган сардор эди.

Бобур мирзо тарихнинг энг мураккаб ва драматик шахсларидан бири, ўзининг нодир истеъдоди, беқиёс инсонийлик фазилатлари билан халқимиз тарихида муҳим ўрин эгаллаган сиймо. Юксак ақлу заковати билан беназир асарлар ёзган, инсонпарвар сиёсати туфайли ҳарбий соҳада улкан ютуқларга эришган.  

Бобур шахсиятида ҳақиқат ва адолат — ҳаётнинг бош мезони сифатида қаралиб, ундаги мардлик ва ростгўйлик, шижоат ва ўктамлик шу ғоялар билан чамбарчас боғланган. Истеъдодли саркарданинг аҳлоқий нуқтаи назари, маънавий таҳлили ғоят бешафқат, аёвсиз. У ўзгаларнинг фаолияти, ҳатти — ҳаракатларини қандай талаблар асосида баҳоласа, бу талабларга энг аввало,  ўзи ҳам қатъий риоя қилди. Умри давомида бошидан кечирган ғалаба ва аччиқ синовларнинг барини Ҳақнинг марҳамати, тақдири, насибаси деб эътиқод қилди. Бу борада “Бобурнома”да турлича мисолларни кўриш мумкин.

Масалан, 12 ёшида тахтга ўтирганида Фарғона вилоятига лашкар тортган султонлар билан сулҳ тузиш мақсадида элчилар юборганини қуйидагича ёзиб қолдиради: “Тенгри таолоким, ўз қудрати комиласи била ҳар ишимни ҳар маҳалда андоқким бояду шояд беминнати махлуқ рост келтурубдур, мунда ҳам неча ишни боис қилдиким, алар бу келмакдин ўсондилар, балки бу таважжуҳдин пушаймон бўлуб, бемурод ёндилар”. Ё бўлмаса, Самарқанд тахтини эгалланганида: “Тенгри таоло инояти била Самарқанд шаҳри ва вилояти муяссар ва мусаҳҳар бўлди”;

Андижонни қайтадан қўлга киритганида: “Ота вилоятиким, икки йилга ёвуқлашиб эдиким, иликдин чиқиб эди, тенгри инояти била …яна муяссар ва мусаҳҳар бўлди”;

Кобул салтанати қўлга киритилганда: “Тенгри таоло фазли карами билан Кобул ва Ғазни мулк ва вилоятини бежанг ва жидол муяссар ва мусаххар қилди”;

Ҳиндистон фатҳ этилганда: “…тенгри таоло ранж ва машаққатимизни зоеъ қилмай, мундоқ зўр ғанимни мағлуб қилиб, Ҳиндистондек кенг мамлакатни мафтуҳ айлади…” Бу мисолларнинг барчаси Бобур иймон-эътиқодда собит подшоҳ бўлганини ифодалайди.

Буюк салтанат ҳукмдори наздида ҳар қандай шахс устоз кўрган тақдирдагина ҳақиқий камолга етиши мумкин эканлиги қайд этилади. Бу фикрлар “Бобурнома”да ҳам ўз аксини топади. Унда Султон Абусаид мирзо, султон Аҳмад мирзо, Султон Умаршайх мирзонинг пири Хожа Аҳрор Вали, ўзининг пири Хожа Абдулло эканлиги тўғрисида алоҳида фикрлар билдирилган.

Бобур давлат бошқаруви қоидалари ҳақида ўз фикрини баён этар экан бу юкни  елкасига ортган ҳукмдор ҳар томонлама соғлом, жисмонан бақувват ва кучли бўлиши муҳимлигини таъкидлайди. Ўз даври ҳукмдорларига, темурийзодаларга баҳо беришда уларнинг мушт зарби кучи, қилич тутиши, камон тортишигача бўлган қобилиятларини алоҳида баҳолайди. Жумладан: Султон Ҳусайн мирзо тўғрисида: “Шужоъ ва мардона киши эди. Борлар ўзи қилич тегурубдур, балки ҳар маъракада борлар қилич тегурубдур. Темурбек наслидин ҳеч ким маълум эмаским, султон Ҳусайн мирзоча қилич чопмиш бўлғай”, Султон Умаршайх мирзо тўғрисида: “Икки мартаба ўзи жамиъ йигитлардин ўзуб қилич тегурди. Ўқни ўрта чоғлиқ отар эди, бисёр зарб мушти бор эди, анинг муштидин йигит йиқилмоғон йўқдур”, — деган фикрларга алоҳида урғу беради.

Бобур мирзо тасаввуридаги ҳукмдор ўз зиммасидаги вазифаларни бажаришда бир сўзли, қатъиятли ва жасоратли, собитқадам бўлмоғи, ҳар бир ишни пухта ўйлаб, сўнгра бошламоғи ва уни охирига етказмоғи лозим. Жумладан, Султон Ҳусайн мирзо ички низоларни бостириш мақсадида темурийзодаларнинг бекларидан бири Хисравшоҳга қарши икки дафъа от солиб, подшоҳлик азмини бажо келтира олмагани оқибатида, ўғиллари ва беклари олдида обрўси йўқолиб борганини кучли бир изтироб ва алам билан ёзади.  

Ҳукмдор қўли остидагиларнинг бошини қовуштирадиган, уларга таъсир ўтказа оладиган, мустаҳкам иродали ва ўз фикрини очиқ равшан тушунтирадиган кучли нотиқ бўлмоғи лозим. Жумладан, Бобур Ҳиндистон сари лашкар тортганида ўз қўшинлари олдида оташин нутқ сўзлагани, уларни ҳар томонлама қўллаб — қувватлагани, жуда кўп навкарлар Ҳиндистон азиматидан сўнг ўз юртларига қайтиш истагини билдирганларида уларни бу фикрдан қайтариш мақсадида оташин нутқ сўзлагани мисолида кўриш мумкин.

Асардан ҳукмдор халқпарвар бўлиши, оддий халқнинг манфаатларини ҳимоя қилиши лозимлигини уқиб олиш мумкин. У Ҳиндистон фатҳидан сўнг маҳаллий аҳолига солинадиган тамға солиғини бекор қилиб, халққа енгиллик ва солиқ имтиёзи беради, бу тажрибани бир вақтлар  султон Абусаид мирзо Хожа Аҳрор Валининг таклифига асосан қўллагани, натижада халқнинг моддий шароити яхшиланиб, халқ орасида ҳукмдорнинг мавқеи ошганини алоҳида таъкидлайди.  

Мамлакат етакчиси ўқимишли, мушоҳадаси кенг, маънавий баркамол бўлиши лозимлигига алоҳида эътибор қаратган, жумладан: Улуғбек мирзони: “дин ва дунёнинг таянчи, донишманд киши эди”, дейди ва  унинг даврида Самарқандда жуда катта қурилиш — ободончилик ишлари амалга оширилганини фахр билан тилга олади. Умаршайх мирзони: “муттасил “Шоҳнома” ўқир эди”, Самарқанд султони Аҳмад мирзони эса: “ҳеч нарса ўқимаган, оми киши эди, шу сабабдан, ихтиёри бекларининг илгида эди” деб, уларнинг ҳар бирига билим савияси ва маънавиятига қараб алоҳида баҳо берган.

Бобур соҳиби салтанат ўлароқ ўз фарзандлари, сарой аъёнлари ва бекларига мулкгирлик ва мамлакатдорликда инсофу диёнатни бузмаслик масаласини биринчи ўринга қўйган. “Бобурнома”да султон Ҳусайн мирзонинг адолатпарварлигини, ҳар сафар ўғиллари бош кўтариб салтанатга тажовуз қилганларида унинг барча навкарларини ўлдирганини адолатли иш қилди, “не қилсун, ҳақ анинг тарафи эди”, деб баҳолаган эди.

Темурийлар хонадони вакиллари учун Амир Темур салтанат тимсоли, узоқни кўра олувчи сиёсатдон, моҳир лашкарбоши, ўз юртида буюк салтанат бунёд этган ҳукмдор сифатида намуна эди. Шунингдек, Алишер Навоийнинг донишманд ва адолатли шоҳ, маърифатли ҳукмдор фазилатларини белгиловчи илғор ғоялари олий мезон сифатида қаралар эди. “Ўзи кофир бўлса ҳам адолатли шоҳ, деб ёзади шоир “Хамса” асарида, мамлакатни гуллаб — яшнатади, золим шоҳ эса агарчи мусулмон бўлса ҳам,  мамлакатни хароб қилади”.

Бобур Кобул, айниқса, Ҳиндистонни қўлга киритганидан сўнг темурийларга хос улуғворлик билан бунёдкорлик ишларини давом эттиради, шаҳарларда муҳташам қасрлар  ва меъморий ёдгорликлар бунёд этиш, замонавий бино ва иншоотлар, карвонсаройлар, масжидлар қуриш, савдо — сотиқ ишларини йўлга қўйиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш ишларида бош — қош бўлади. Асардан ҳукмдорнинг бошқалардан кўра эзгу — амаллар қила олиш имконининг кенглиги, ундан эса юрт ободлиги ва халқ манфаати йўлида фойдаланиш лозимлигини англаб олиш мумкин.

Бобур мирзонинг салтанат ишларида шерикчилик бўлиши мумкин эмаслиги ҳақидаги фикри қатъий бўлиб, бу масалада масъулият ва жавобгарлик фақат бир кишида бўлиши шарт эканлигини бир неча бор таъкидлаган. Жумладан, султон Ҳусайн мирзонинг ўз беги билан мамлакатдорликда бирор мулкка эришилса шериклик асосида бўлиб олиш бўйича келишилгани хато бўлганини, султон Ҳусайн мирзонинг вафотидан сўнг унинг ўғиллари Ҳирот салтанатига баширкат подшоҳлик қилганликлари ҳам нотўғри эканини, оқибатда салтанат  тез орада душман қўлига ўтиб кетганини жуда таъсирли ва кучли бир изтироб билан баён қилади.  

Бобур учун салтанат улуғ камолот, аммо уни эгалламоқ ва сақлаб турмоқ учун бошқа инсоний қадриятларни поймол этиш мумкин эмас. Тожу тахт учун падаркушлик, биродаркушлик ва фарзандкушлик қилиш каби оғир жиноятлар ботқоғига ботиш гуноҳи азим. Шу сабабдан, у ўз асарида Абдуллатиф мирзо, султон Маҳмуд мирзо, Хисравшоҳ ва Хадичабегимларни шайтон васвасасига учган юзи қаро инсонлар сифатида талқин этади.

У асоссиз қирғинбаротларни, халқни беҳуда талон — тарож қилишни кескин қоралайди ва бу масалаларга қатъий муносабатини билдиради. Жумладан, Шайбонийхонни босиб олинган юртларга нисбатан кўрсатган жабр — ситамларини, мўғул улуси ҳақида “босса ҳам ва ёки маълум бир ҳудуддан қочиб чиқса ҳам” юртни талаб кетишини нафрат билан ёзади.  

Назарида, ҳукмдорликда асосий масъулият ҳукмдор зиммасида бўлмоғи, ҳар бир ҳукм ҳукмдор номидан чиқмоғи, беклар эса ижро этмоғи лозим. Зеро, давлатчиликнинг асосий тамойили ҳам шу. Шайбонийхон султон Али мирзо ва унинг диний раҳнамоси ўлдирилганини ўз бўйнига олмай, беклари бошига қўйганини қаттиқ қоралаб: “беклар ўз хонлари билан маслаҳатлашмай бундай ишларни қилсалар, хонликка не эътибор қолиши мумкин”, деб кесатади. 

Бобур асарида халқ бор экан, салтанат ва ҳукмдорлик ҳам бор, аммо инсонлар қайси мансаб ёки даражада бўлишларидан қатъий назар, ўзаро инсоний муносабат ва қадриятларни ёдда тутмоқлари, ҳурмат — иззат, урф — одат ва анъаналарни қадрламоқлари лозимлигига алоҳида урғу беради. Шу муносабат билан Самарқанд ҳукмдори султон Аҳмад мирзонинг бекларидан бири Абдулали тархон ўзидан кўра ёши улуғ ва хизмати сингган кишиларни  ҳам кўзга илмас, ҳурматини жойига қўймас эди, деб таъкидлайди. 

Ҳукмдор учун кечиримлилик муҳим масала саналади. Энг аввало, Бобур мирзонинг ўзи кечиримли ва бағрикенг инсон бўлган эди. Жумладан, Бобур мирзо Ҳиротга кетиб то Кобулга қайтиб келгунига қадар поччаси Мирзохон Кобул салтанатини хиёнаткорона эгаллаб олган бўлса ҳамки, поччасининг гуноҳидан ўтиб, унинг Хуросонга чиқиб кетишига розилик беради. Шунингдек, укаси ва яқин авлодлари томонидан турли хиёнатлар содир этилганида, уларни аввалига Кобулга ва кейин  ўзи билан бирга Ҳиндистонга олиб кетади, тарбиялайди ва вояга етказади.

Бобур мусулмон подшоҳ эди. Даврнинг эврилишлари унга бутунлай ўзга юрт, ўзга миллат ва тамомила бошқа дин ва расм — русумларга  амал қилувчи ниҳоятда улкан ҳудудда салтанат тебратишни тақдир қилди. Шу шароитда ўзи, сарой аъёнлари, бек ва ҳокимлари, суворийлари — ю лашкарлари  аксарияти эътиқод қилган ислом динини авайлаб — асраш ва ривожлантириш билан бирга  миллатлараро тотувликни,  динлараро бағрикенгликни ривожлантиришдек  ғоят мураккаб  ва ўта нозик вазифани ҳам шараф билан уддалай олди.

У ҳинд юрти ҳукмдори сифатида сиёсий вазиятни барқарорлаштириш, бутун ҳинд ҳудудини ягона байроқ остида бирлаштириш, турли дин ва миллат вакиллари, дин ва мазҳаблар ўртасидаги низо — адоватлар, ҳинд халқининг шаъни ва қадриятларини ҳурмат қилиш, адолат ва осойишталик, тинчлик ҳукм сурадиган тартибларни ўрнатиш йўлларини қилишни асосий вазифаси деб билди. 

Бобур  давлатни адолат ва қилич билан бошқарди, аммо салтанат манфаати йўлида лашкарбоши ва бекларига озор бермаслик, кўнглини оғритмасликка ҳаракат қилди. Мамлакати улкан сарҳадларга ёйилиб кетганлигидан фахрланиб, фарзандларини юртни тинч ва осойишта сақлаш йўлида аҳил ва бирдам бўлишга чорлади. Шу сабабдан, Бобурийлар сулоласи Ҳиндистон тарихининг энг муҳим даврига айланган бўлса, ажаб эмас.

 

Муҳаммадқосим ОЛИМОВ,

Ўзбекистон касаба уюшмалари

Федерацияси Бухоро вилоят кенгаши раиси

 

 

Print Friendly, PDF & Email