Суд қарор чиқарди: 42 миллион сўм зарар пуллари ундириб берилади
Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги тегишли қарорига кўра ОИТСга ва ОИВ инфекциясига чалинган беморларни диагностика қилиш, даволаш ва уларга бевосита хизмат кўрсатиш бўйича ишларни бажарувчи тиббиёт ходими, раҳбарлар, мутахассислар, хизматчи ходимларнинг тариф ставкаларига қўшимча тўлов тўланиши талаб этилади. Жондор туман тиббиёт бирлашмаси ушбу масалани эътиборсиз қолдириб келган.
Ўрганиш жараёнида Жондор туман тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий поликлиниканинг болалар инфекционисти хона врачи вазифасида ишлаб келаётган Д.Қаюмова, ҳамшира К.Ёрматова ва кичик тиббий ходим Г.Нуруллаеваларга ОИВ ва ОИТС касаллигига чалинган беморлар билан шуғулланиш, уларни диспансер назоратига олиш, суҳбат қилиш, қон таҳлиллари олиш, тестдан кейинги суҳбат ўтказиш, мусбат натижа чиққанда тегишли ишларни олиб бориш ишлари топширилган. Аммо бирлашма томонидан уларга қўшимча 75 фоиз миқдорида устама тўламаслиги ҳолати ўрганиб чиқилиб, ФИБ Ромитан туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Шундан сўнг иш берувчи томонидан суднинг ҳал қилув қарорига асосан тўловнинг маълум бир қисми тўлаб берилди. Аммо мазкур тўловда кейинги даврлар инобатга олинмади.
Масала юзасидан касаба уюшмалари аралашуви билан судга даъво аризаси киритилди. Суд қарорига кўра Жондор туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар хонаси врачи Д.Қаюмова, ҳамшира К.Ёрматова ва кичик тиббий ходим Г.Нуруллаевалар фойдасига уларнинг лавозим маошига қўшимча тўловлар қарийб 42 миллион сўм маблағ ундириб берилади.
Иброҳим БЕРДИЕВ,
Ўзбекистон ССХлари КУси Республика Кенгашининг Бухоро вилояти бўйича меҳнат-техник инспектори