Бухорода иккинчи анъанавий “Гуллар фестивали” – гўзаллик ва яшил иқтисодиёт уйғунлиги

2025 йил 16 май куни Бухоро шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилоят кенгаши томонидан иккинчи бор анъанавий тарзда ташкил этилган “Гуллар фестивали” юқори савияда ва кенг кўламда бўлиб ўтди. Фестиваль Ўзбекистонда касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги ҳамда “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили” деб эълон қилинган 2025 йилда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш доирасидаги муҳим ижтимоий-экологик тадбирлардан бирига айланди.

Фестиваль карнай-сурнай садолари остида тантанали тарзда бошланди ва уни Касаба уюшмалари вилоят кенгаши раиси М. Олимов очиқ деб эълон қилди. Фестиваль иштирокчилари учун вилоятимизнинг машҳур фолклор жамоалари концерт дастурлари намойиш этиб, анъанавий ош сайли ҳам ташкил этилди.

 

Аввалги йилларга қараганда ушбу фестивал анча кенг кўламда ўтказилиб, 1000 нафарга яқин гулчиликка қизиқувчи касаба уюшма фаоллари, фермер хўжаликлари ва мутахассислар, ҳаваскор гулпарварлар, селекционерлар ва гулчилик соҳасида фаолият юритувчи ташкилотлар қатнашди. Бу йил илк бор гулчилик соҳасида мутахассислар ва селекционерлар учун алоҳида майдон ажратилиб, уларнинг тажрибалари оммалаштирилди.

Фестиваль карнай-сурнай садолари остида тантанали тарзда бошланди ва уни Касаба уюшмалари вилоят кенгаши раиси М. Олимов очиқ деб эълон қилди. Фестиваль иштирокчилари учун вилоятимизнинг машҳур фолклор жамоалари концерт дастурлари намойиш этиб, анъанавий ош сайли ҳам ташкил этилди.

Фестивалда дунё гулларига оид қизиқарли маълумотлар ҳам тақдим этилди. Маълум бўлишича, Ер юзида 450 мингдан ортиқ гул турлари мавжуд. Айрим гуллар 150 йилдан сўнг гуллайди, баъзилари ўз рангини вақт ўтиши билан ўзгартириб туради. Атиргулнинг 50 мингдан зиёд тури мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси ёввойи наъматакдан келиб чиққан.

Фестиваль доирасида гул композициялари ва гулчилик технологияларига бағишланган танловлар ўтказилиб, иштирокчилар қуйидаги мезонлар асосида баҳоланди: гул турларининг хилма-хиллиги ва ноёблиги, композиция сифати, визуал кўриниш, техник ижро, гулларни парваришлаш технологияси ва маълумот тақдимоти. Ғолиблар “Энг яхши гулчи технолог”, “Энг яхши гулчилик мактаби гулчиси”, “Энг фаол бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти”, “Энг чиройли декорация”, “Гуллар фестивалини ОАВ орқали ёритишдаги ҳамкорлик учун” каби номинациялар бўйича тақдирландилар.

— “Бухородаги тиббиёт институти талабасиман, — дейди иорданиялик Муҳаммад исмли талаба. – Иорданияда ҳам шу сингари гуллар фестивали ўтказиш анъанаси бор. Гуллар ҳар қандай жойда ҳам кишига эстетик завқ, кўтаринки кайфият бағишлайди. Бугунги фестивал эса биз учун нафақат маданият ва халқ анъаналари билан танишиш балки ажойиб имконият ҳам бўлмоқда. Маҳаллий селекционерларнинг яшилликни сақлаб қолиш борасидаги ишлари билан танишганимдан хурсандман. Фестивал эмблемасида акс этган геран гули айниқса эътиборимни тортди.

 

Фестиваль “Яшил макон” лойиҳаси доирасида аҳоли ўртасида экологик маданиятни ошириш, гулчилик маданиятини оммалаштириш, табиатга эҳтиром, меҳнат ва ижод уйғунлигини тарғиб этиш мақсадида ташкил этилди. Иккинчи марта ўтказилган ушбу фестиваль энди анъана сифатида ҳар йили янада кенгайган кўламда ўтказилиши кўзда тутилмоқда.

Print Friendly, PDF & Email