Касаба уюшмада 5 йиллик фаолият сарҳисоб қилинди

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бухоро вилояти Кенгашининг IX Конференцияси бўлиб ўтди. Унда вилоят  Кенгашининг  5 йиллик фаолияти танқидий таҳлил этилиб,  бу давр мобайнида  ишчи-ходимларга яратилган шарт-шароитлар таҳлил қилинди ва  фаолиятда эътибор қаратилиши лозим бўлган йўналишлар, устувор вазифалар белгилаб олинди.

Конференцияда вилоят ҳокими Ботир Зарипов иштирок этиб, вилоят ҳокимлиги ва касаба уюшмалари ўртасида ўзаро ҳамкорликда олиб борилган ишлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Вилоят касаба уюшмалари Кенгаши раиси М.Олимов, вилоят касаба уюшмаларида касаба уюшма аъзоларининг ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилишда ўтган 5 йилда олиб борилган ишлар ва навбатдаги вазифаларга тўхталди.

    Конференция кун тартибига асосан дастлаб ишчи органлар сайлаб олиниб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилоят Кенгаши ва Кенгаш тафтиш комиссиясининг 2020-2025 йиллардаги фаолияти тўғрисида ҳисоботи тингланди. Шундан сўнг, сайловларга ўтилиб Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилоят Кенгаши раиси, Кенгаши раиси ўринбосарлари, Кенгаши ва тафтиш комиссияси аъзолари, тафтиш комиссияси раиси сайланди.

    Шунингдек, делегатлар томонидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг IX Қурултойига делегатлар ва Бош кенгаши таркибига вакил сайланди.

   Таъкидланганидек, вилоятда жами 442 минг 870 нафар касаба уюшмалари аъзолари мавжуд бўлиб, уларнинг 163 минг 737 нафари, яъни 37 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Касаба уюшмасига аъзо бўлган ёшларнинг 54 фоизи, яъни 88 минг 034 нафари корхона ва ташкилотларда меҳнат қилади,    1087 нафари олий ўқув юртлари, 883 нафари ўрта махсус таълими ўқув юртлари ходимлари, 45153 нафари олий ўқув юрти талабалари, 28 минг 580 нафари техникум ва коллежлар ўқувчилари ҳисобланади. 

   Касаба уюшмалари аъзолари билан вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан 2020-2025 йиллар давомида турли мавзуларда 4 минг 125 та маданий-оммавий, дам олиш ва байрам тадбирлари ўтказилиб, уларда 278 мингдан ортиқ касаба уюшма аъзолари иштирок этдилар. Уларнинг  138 минг нафари аёллар, 166 минг нафарини ёшлар ташкил этади. Жамоа шартномаси тадбирларини бажариш учун вилоят бўйича ўрта ҳисобда бир ходимга йил давомида сарфланган маблағ 2020 йилда 3 миллион  168 минг 600 сўмни ташкил этган бўлса, 2024 йилда ушбу кўрсаткич 7 миллион  196 минг 300 сўмни ташкил этди.

   Ҳисобот даврида вилоятдаги 1874 та корхона, ташкилот ва муассасаларда иш берувчилар томонидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам  миқдорига оғишмай риоя қилиниши жамоатчилик назорати тартибида ўрганилди.

     Давлат дастурлари ижроси доирасида корхона ва ташкилотлардаги жамоа шартномалари орқали касаба уюшмалари ва иш берувчининг маблағлари ҳисобидан вилоятда 2020-2025 йилнинг ярим йиллигига қадар жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 37 минг 695  нафар ходим ва 13 минг 805 та оилага жами 18 млрд. 930 млн. 272 минг сўмлик моддий кўмак берилди.

   Ҳисобот даврида вилоят Кенгаши томонидан 194 та корхона ва ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида жамоатчилик назорати ўтказилиб, қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан иш берувчиларга 194 та тақдимнома киритилиб, уларнинг 93 фоизи бартараф этишга эришилди.

  Ишлаб чиқаришда жароҳат олган ходимлар ва боқувчисини йўқотган оилалардан 292 нафарига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Ходимлар манфаатлари 68 марта судларда ҳимоя қилиниб, 2,5 млрд. сўм етказилган зарар ундиришга эришилди.

   Жамоа шартномалари орқали 2696 нафар кам таъминланган ёш оилалар вакилларига моддий ёрдам кўрсатилиб,  олий ўқув юртларида тахсил олаётган 722 нафар иқтидорли, кам таъминланган ва чин етим талабаларга ўқув шартнома пуллари қисман тўлови амалга оширилди. 63нафар  ёш оилага уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни харид қилиш учун  фоизсиз  cсуда ажратилди, 50 нафар ёш ходимларга сафарбарлик захирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан фоизсиз ссудалар берилди.

   Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари тизимида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 181 та мурожаати кўриб чиқилди,  шундан 61 таси ёзма, 112 таси электрон, 5 таси оғзаки, 3 таси ишонч телефони орқали келиб тушган. Кўрилган чораларининг натижалари бўйича 127 нафар фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланди.

   Маълумот ўрнида айтиш керакки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бош кенгашининг “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги касаба уюшмалари ташкилотларида ҳисобот-сайловларни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан, 2025 йилда барча даражадаги касаба уюшмалари ташкилотларида ҳисобот-сайлов кампаниясига старт берилди

Февраль-апрель ҳисобот ойларида 2 минг 594 та бошланғич ташкилотнинг ҳисобот-сайлов йиғилишлари (конференциялари) ўтказилиб, мазкур йиғилишларда корхоналарда фаолият кўрсатаётган 167 минг 705 нафар ходимлар иштирок этди.

Сайланган бошланғич ташкилотлар раисларининг 61,5 фоизини олий маълумотлилар, 72,2 фоизини 30-50 ёшдагилар, 48,9 фоизини педагоглар, 50,7 фоизини аёллар ташкил қилди. Биринчи марта сайланган 402 нафарни ташкил қилди. 

Шунингдек, май-июнь ойларида касаба уюшмалари ташкилотлари вилоят, туман ва шаҳар бўлинмаларида ҳисобот-сайлов конференциялари юқори савияда ўтказилди.

     Хулоса қилиб айтганда, сўнгги йилларда мамлакатимизда халқни рози қилиш йўлида барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ва тизимли ислоҳотлар натижасида катта ўзгаришларга эришилди. Бу жараёнда мамлакатимизнинг энг йирик жамоат ташкилоти бўлган касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этиб келмоқда ва “Янги Ўзбекистон”нинг “Янги касаба уюшмалари” шаклланиб, ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланди. Хусусан, 2016 йилда тизимда 17 та санаторий ва 2 та дам олиш уйи фаолият юритган бўлса, бугунги кунда 30 та санаторий фаолият юритиб, уларда 7 минг 185 та ўринлар дам олувчилар учун хизмат қилиб келмоқда. Жумладан, 2020-2024 йилларда 7 та янги – “Янгиер”, “Кўҳинур”, “Хўжаипок”, “Чинобод плаза”, “Сангардак”, “Заркент”, “Севарсой” санаторийлари қуриб фойдаланишга топширилди, 8 та санаторийда замонавий ётоқ, даволаш ва ошхона, даволаш биноларини қуриш ва реконструкция қилиш, жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.

    Тизимдаги санаторийларда 2021-2024 йиллар давомида 593 мингдан зиёд дам олувчилар соғломлаштирилиб, улардан 258 минг 722 нафари имтиёзли ва 17 минг 827 нафари бепул йўлланмалар асосида ўз саломатликларини тикладилар.

  

    Президентимизнинг ташаббуслари ва топшириқлари билан 2017-2023 йиллар давомида юртимизда 8 та янги оромгоҳ қурилиб фойдаланишга топширилган бўлса, фаолият юритмаётган ёки самарасиз ишлаётган яна 82 та болалар соғломлаштириш оромгоҳлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси балансига ўтказилди ва тасарруфдаги оромгоҳлар сони 107 тага етди.

       Бугунги кунда, Болалар соғломлаштириш ва аҳоли саломатлигини тиклашга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 14 та фаолият юритмаётган оромгоҳларни босқичма-босқич янгидан қуриш ишлари олиб борилмоқда.

    Жорий йилнинг 22 июнь куни янги “Бухоро” дам олиш ва соғломлаштириш оромгоҳининг фойдаланишга топширилиши вилоятимиз болалари учун қувончли воқеа  бўлди.

     Бўлиб ўтган сайлов жараёнлари натижаларига кўра,  Олимов Муҳаммадқосим  Ҳошимович  Кенгаш раислигига, унинг 2 нафар ўринбосари ўринбосарликка  кўпчилик овоз билан қайта Кенгаш раислигига сайландилар. Конференцияда шунингдек, тафтиш комиссияси, Федерациянинг IX Конференциясига 15 нафар делегат, Федерациянинг Бош кенгашига 2 нафар вакил сайландилар.

Х.Бешимов -Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилояти Кенгаши раиси ўринбосари.

Print Friendly, PDF & Email