Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллиги муносабати билан “Ўзбекистон касаба уюшмалари — 120 йил халқ билан” шиори остида фидоийлар тақдирланди

Мамлакатимизда касаба уюшмаларининг ташкил топганига 120 йил тўлиши муносабати билан республика ва ҳудудларда тантанали тадбирлар ўтказилди. Шу доирада Бухоро вилоят касаба уюшмалари кенгашида “Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллиги” эсдалик кўкрак нишонларини топшириш маросимлари бўлиб ўтди.

Тадбирда касаба уюшма тизими вакиллари, меҳнат жамоалари фаоллари, соҳа етакчилари ва жамоатчилар иштирок этдилар. Тадбирлар давомида касаба уюшмалари тизимининг мамлакат тараққиётидаги ўрни, меҳнаткашлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдаги беқиёс ҳиссаси, ижтимоий адолат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдаги роли алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федератсияси томонидан таъсис этилган “Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллиги” эсдалик кўкрак нишони — меҳнат соҳасида узоқ йиллар самарали фаолият юритган, ходимлар манфаатларини ҳимоя қилиш ва касаба уюшма тизимини ривожлантиришда алоҳида ўрнак кўрсатган фидоийларга бериладиган фахрий мукофотдир. Заргарона ишланган ушбу нишонда касаба уюшмалари рамзи ва “120 йил” ёзуви тасвирланган бўлиб, у меҳнат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик ғояларини ифода этади.

Байрам тадбирларида соғлиқни сақлаш, таълим, фан, агросаноат ва бошқа тармоқларда фидокорона меҳнат қилаётган касаба уюшма вакиллари фахрий ёрлиқ, эсдалик нишони ва совғалар билан тақдирландилар.

Хусусан, Бухоро вилоятида “Софинур” тантаналар масканида ўтган байрам тадбирида вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳамда Республика агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси раиси Эшмирза Абдуалимов сўзга чиқиб, касаба уюшма ҳаракатининг мамлакат тараққиётидаги ўрни ва халқ манфаатларини ҳимоя этишдаги муҳим вазифалари ҳақида сўз юритдилар.

Тадбирни Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов очиб берди. У ўз нутқида касаба уюшмалари тизими мамлакат тараққиёти, меҳнаткашлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдаги ўрни ҳақида сўз юритиб, фидокорона меҳнат қилаётган касаба уюшма фаолларини самимий табриклади.

Тадбирлар давомида 81 нафар тизим вакилига Федератсия томонидан эсдалик кўкрак нишонлари, 10 та вилоят кенгашининг фахрий ёрлиқлари, 8 нафар нуроний фахрийга эҳтиром совғалари ҳамда 15 нафар вилоят ҳокимлиги томонидан фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари топширилди.

Байрамнинг маданий қисми Ўзбекистон давлат филармониясининг Бухоро вилоят бўлинмаси ижодий жамоаси чиқишлари, миллий куй-қўшиқлар ва рақслар билан янада файзли тус олди.

Бу йилги байрам “Ўзбекистон касаба уюшмалари — 120 йил халқ билан” шиори остида ўтказилиб, меҳнаткаш халқимизнинг бирдамлиги, фидойилиги ва касаба уюшма ҳаракатининг мустаҳкам ғоявий асосларини яна бир бор намоён этди.

Print Friendly, PDF & Email