Тез тиббий ёрдам хизматининг фидокор ходимларига байрамона эътироф!

Республика тез тиббий ёрдам маркази Бухоро вилояти филиалида тиббиёт ходимлари ва касаба уюшмалари фаоллари учун қутлуғ байрам муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди.

Тадбирни филиал директори Т.У. Ахтамов очиб берди. У ўз нутқида соғлиқни сақлаш тизимида тез тиббий ёрдам хизмати муҳим ўрин тутишини таъкидлаб, мазкур соҳада фаолият юритаётган барча ходимларнинг фидокорона меҳнати юксак эътирофга сазовор эканлигини таъкидлади. Шу муносабат билан барча соҳа ва касаба уюшма аъзоларини байрам билан табриклаб, уларга муваффақият ва эзгу тилакларини изҳор этди.

Шундан сўнг Республика тез тиббий ёрдам маркази ходимлар бўлими бошлиғи Н.У. Тураев, ЎзССХ касаба уюшмаси Бухоро вилояти кенгаши меҳнат ҳуқуқи инспектори Х.Ж. Чориев ҳамда филиал касаба уюшма қўмитаси раиси Ж.К. Қодиров сўзга чиқдилар. Улар ўз нутқларида касаба уюшмалари тизимидаги 120 йиллик тарихий йўл, унинг ходимлар манфаатларини ҳимоя қилишдаги беқиёс ўрни ва бугунги кунда соҳа тараққиётига қўшилаётган муносиб ҳиссалар ҳақида сўз юритдилар.

Тадбирнинг асосий қисми – тақдирлаш маросими бўлиб, соҳада кўп йиллардан бери намунавий меҳнати билан ажралиб турган 100 дан ортиқ ходим ва фаоллар касаба уюшмаларининг эсдалик совғалари, шунингдек, ЎзССХ касаба уюшмаси Бухоро вилояти кенгаши раиси ва филиал директори томонидан тақдим этилган ташаккурномалар билан тақдирландилар.

Мукофотланган ходимлар ўз сўзларида фаолиятларига берилган эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдириб, келгусида ҳам тиббиёт соҳасида самарали меҳнат қилишга, фуқаролар соғлигини муҳофаза этиш йўлида бор билим ва кучларини аямасликка тайёр эканликларини таъкидладилар.

Тадбир кўтаринки руҳ, самимий муҳит ва байрамона кайфиятда якунланди. У соҳа фидоийларига бўлган чуқур ҳурмат ифодаси, касаба уюшмаларининг фаолиятидаги самарадорлик ва жамоавий ҳамжиҳатликнинг ёрқин намоёнаси бўлди.

Print Friendly, PDF & Email