Ҳамжиҳатлик ва дўстлик мусобақаси

Жорий йилнинг 6 ноябрь куни Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Бухоро шаҳар бўлинмаси кенгаши томонидан бошланғич касаба уюшма қўмитаси раислари ўртасида Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги ҳамда 11 ноябрь — “Касаба уюшмалари куни” муносабати билан “Қувноқ стартлар” спорт мусобақалари ўтказилди.

Тадбир жамоавий руҳ, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, меҳнат жамоалари ўртасида ҳамжиҳатлик ва дўстликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди. Мусобақалар жуда қизғин ва кўтаринки руҳда ўтди. Иштирокчилар турли спорт йўналишларида ўз маҳоратини намойиш этиб, ўзаро беллашдилар. Қизғин баҳслар якунлангач, ғолибликни қўлга киритган жамоа шаҳар бўлинмаси кенгашининг кубоги ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тадбир давомида касаба уюшмасининг меҳнаткашлар манфаатларини ҳимоя қилишдаги, уларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқларини таъминлашдаги, шунингдек, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишдаги беқиёс ўрни алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Касаба уюшмалари мамлакатимизда фаол фуқаролик жамиятининг муҳим бўғини ҳисобланади. Улар ходимларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, иш жойларида соғлом муҳитни таъминлаш, ҳамда ёшлар ва хотин-қизларнинг фаоллигини оширишга катта ҳисса қўшмоқда. Шунингдек, таълим ва фан соҳасида фаолият юритаётган мутахассисларнинг касбий малакасини ошириш, уларнинг меҳнатини қадрлаш ва рағбатлантириш йўлида касаба уюшмалари муҳим ташаббускор куч сифатида намоён бўлмоқда.

Шу каби спорт ва маданий тадбирлар ходимларнинг жисмоний ва маънавий ҳолатини мустаҳкамлаш, жамоавий ҳамкорликни кучайтириш ҳамда соғлом турмуш маданиятини оммалаштиришга хизмат қилади.

Print Friendly, PDF & Email