Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бухоро вилояти Кенгашининг I Мажлиси бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 13 январь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилояти Кенгаши I Мажлиси бўлиб ўтди. Мажлис ишида Кенгаш аъзолари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашларининг вилоят бўйича масъул ташкилотчилари, бирлашган қўмиталар, вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари ҳамда бошланғич ташкилотлар раислари, шунингдек, вилоят Кенгаши аппарати ходимлари иштирок этдилар.

Мажлисни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилояти Кенгаши раиси М.Олимов кириш сўзи билан очиб, мажлис ишига раислик қилди.

Кун тартибига мувофиқ қуйидаги масалалар муҳокама этилди:
— Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилояти Кенгашининг 2025 йилдаги фаолияти якунлари ва 2026 йилдаги асосий вазифалари;
— Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 26 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида ҳамда 2025 йил 17 октябрда касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан ўтказилган учрашувда белгиланган вазифалар;
— Федерациянинг 2021–2025 йиллардаги фаолияти якунлари ва миллий тараққиётнинг замонавий босқичида касаба уюшмаларининг устувор вазифалари;
— 2026–2028 йилларга мўлжалланган Бош жамоа келишувининг мазмун-моҳияти;
— Федерация фаолиятининг 2026–2030 йилларга мўлжалланган стратегик йўналишлари;
— Корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қонунчилиги ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши юзасидан ўтказилган ўрганишлар натижалари.

Таъкидланганидек, 2025 йил вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари учун синов йили бўлди. Йил давомида барча даражадаги касаба уюшмалари томонидан беш йиллик фаолият юзасидан очиқ ва ошкора ҳисоботлар берилди ҳамда муқобиллик асосида сайловлар ўтказилди.

Февраль–апрель ойларида 2594 та бошланғич касаба уюшмаси ташкилотида ҳисобот-сайлов йиғилишлари (конференциялари) ўтказилиб, уларда 167 минг 705 нафар ходим иштирок этди. Барча сайловлар демократик тамойиллар асосида, муқобиллик шароитида ўтказилди.

Сайловлар натижасида сайланган бошланғич ташкилотлар раисларининг 62 фоизи олий маълумотли, 72 фоизи 30–50 ёшдагилар, 49 фоизи педагоглар, 51 фоизи аёллардан иборат бўлди. Шунингдек, 402 нафар касаба уюшмаси қўмитаси раиси янгидан сайланди.

2025 йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг қарорига мувофиқ Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги кенг нишонланди. Ушбу сана муносабати билан вилоятда 1000 дан ортиқ маънавий-маърифий ва тарғибот тадбирлари ташкил этилди.

Юбилей муносабати билан узоқ йиллар самарали меҳнат қилган 88 нафар соҳа вакиллари “Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллиги” эсдалик кўкрак нишони билан тақдирланди. Шунингдек, фаол касаба уюшма ходимларидан 15 нафари вилоят ҳокимлигининг, 10 нафари вилоят Кенгашининг фахрий ёрлиқлари билан мукофотланди.

Ўтган йилдаги муҳим тарихий воқеалардан бири Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 17 октябрь куни касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан бўлиб ўтган учрашуви бўлди. Учрашувда касаба уюшмаларининг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардаги фаол иштироки, хотин-қизлар фаоллигини ошириш, касб-ҳунарга ўқитиш, бандликни таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, миграциядан қайтган фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги ташаббуслари юксак баҳоланди.

Президент томонидан касаба уюшмалари фаолиятини янада кенгайтириш ва самарадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Мажлис давомида мазкур топшириқлар асосида касаба уюшма фаоллари олдига қўйиладиган вазифалар белгилаб олинди, истиқболда амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастурлари шакллантирилди.

Мажлис кун тартибидаги барча масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Print Friendly, PDF & Email