Оила — ҳаёт абадийлиги ва авлодлар давомийлигини таъминловчи қадриятлар бешиги, келажак насллар учун бетакрор тарбия масканидир.
Бизнинг мустақил юртимизда ҳам оилага бўлган эътибор азалий қадриятлар, миллий урф-одатлар билан чамбарчас боғланган ҳолда кўзга ташланади. Оила, жамият ва давлат тушунчалари доимо уйғунликда, муштарак ҳолда тилга олинади.
Ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини жисмоний тарбия ва спортнинг оммавий турларига қизиқишларини ошириш, айниқса оилада соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш орқали оила аъзоларининг ўз саломатлигига масъулият ҳиссини шакллантириш мақсадида жорий йил 6 февраль куни Бухоро давлат тиббиёт институти қошидаги 1-сон академик лицейда “Соғлом оила” шиори остидаги оилавий спорт мусобақаларининг 1- босқичи ўтказилди.
Оилавий спорт мусобақаларида таълим муассасасида фаолият юритаётган 10 нафар ходимлар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этдилар. Мусобақа қатнашчилари “Югуриш, акробатика элементлари ва тўпни нишонга отиш”, “Моҳир хужумчи”, “Қаддимизни ростлаймиз, сакрашни боплаймиз”, “Тезлик эстафетаси”,
“Эпчиллик эстафетаси”, “Арқон тортиш мусобақаси”, “Бир жамоа эстафетаси” каби шартлар бўйича беллашишди.
Ниҳоятда қизғин кечган спорт мусобақаси натижаларига кўра, Г.Мирхановлар оиласининг “Лочинлар” жамоаси 1-ўринни, Д.Хайруллаевларнинг “Чаққонлар” жамоаси 2-ўринни, М.Шоевларнинг “Шиддаткорлар” жамоаси 3-ўринни қўлга киритишди. Мусобақа ғолиблари ва унда фаол иштирок этган қатнашчилар академик лицей касаба уюшма қўмитасининг дипломи ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Дилафруз АРАЛОВА,
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси
Бухоро шаҳар кенгаши раиси