“Янги авлод хавфсизлиги ва саломатлиги”

 Бухоро вилояти  касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши томонидан  жорий йилнинг 12 июнь куни Бухоро туманидаги  “Ёш пахтакор” болалар соғломлаштириш оромгоҳида “12 июнь-Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни”га бағишланган  “Янги авлод хавфсизлиги ва саломатлиги” тадбири ташкил этилди. Унда 140 нафар оромгоҳда дам олаётган ўғил-қизлар иштирок этишди.

           Тадбирда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими томонидан “Янги авлод хавфсизлиги ва саломатлиги” мавзусида мультфильм шаклидаги  слайдлар орқали болаларга тушунтирилди.

            Шунингдек, тадбирда самбо бўйича 3 карра Жаҳон чемпиони, спорт устаси Ҳусен Мавлонов, 2018 йил самбо бўйича Жаҳон чемпиони Нилуфар Раҳмонова, таэквондо бўйича кўпкарра Осиё чемпиони, Жаҳон чемпионатлари совриндори, спорт устаси Умида Ахророва, таэквондо бўйича 2017 йилги Осиё кубоги соҳибаси Озода Норқулова ва Азизбек Меҳмоновлар иштирокида  учрашув ўтказилди. Учрашувда спортчилар болаларга спорт соҳасида  муваффақиятга эришиш учун меҳнат ва чидам, қатъий тартиб-интизом, метиндек ирода, сабр, юксак мақсад ва кучли хоҳиш бўлиши кераклиги тўғрисида айтиб ўтдилар.

 Шундан сўнг болалар ўзлари қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.

            Тадбир давомида иқтидорли болалар иштирокида “Дунё болалари учун бахт ва умид” шиори остида асфальтда расм чизиш танлови, ҳамда  стол тенниси бўйича спорт мусобақалари ўтказилди. Шундан сўнг Бухоро туманидаги “Бунёдкор” ва  “Ёш пахтакор” оромгоҳларида дам олаётган  ўғил болалар ўртасида футбол мусобақалари ташкил этилди. Мусобақа якунида “Ёш пахтакор” оромгоҳи ғолибликни қўлга киритди.

            Тадбир якунида таниқли санъаткорлар, болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари ҳамда “Камалак” болалар ташкилоти сардорлари томонидан тайёрланган  дастурлар  болажонларга хуш кайфият бағишлади.

Розия НУСРАТОВА,

Бухоро вилоят касаба уюшма ташкилотлари

бирлашмаси  кенгаши  етакчи мутахассиси

Print Friendly, PDF & Email