Бухоро муҳандислик технология институтида таниқли физик олим, ташаббускор раҳбар, беназир устоз профессор Мухтор Негматович Раҳматов хотирасига бағишланган республика илмий конференцияси бўлиб ўтди. Конференция касаба уюшма қўмитаси ташаббуси билан “Табиий фанлар” кафедраси ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбирда 120 нафар меҳнат фахрийлари, республика олий ўқув юртларидан физик олимлар, профессор Мухтор Раҳматов билан бирга ишлаган ҳамкасблари ва у кишининг оила аъзолари иштирок этдилар.
Институт ректори профессор Нусратулло Баракаев конференцияни кириш сўзи билан очиб, бу илм даргоҳининг ташкил этилишида бевосита профессор Раҳматовнинг хизматлари бениҳоят катта эканлигини таъкидлади. Конференцияда Бухоро вилоят “Нуроний” жамғармаси раиси С.Ҳусенов, Самарқанд давлат университети профессори Н.Низомов, Бухоро давлат университети профессори С.Иноятов, Бухоро муҳандислик технология институти профессори М.Мустафоевлар сўзга чиқиб, профессорнинг серқирра меҳнат фаолияти, ундан қолган илмий мактаб ҳақида фикр билдирдилар.Тантанали тадбир якунида профессорнинг ўғли Шавкат Рахматов сўзга чиқиб, отаси хотирасига бағишлаб ташкил этилган ушбу илмий анжуман учун институт раҳбарияти, касаба уюшма қўмитаси ва тадбир ташкилотчиларига бутун оила аъзолари номидан миннатдорчилик билдирди.
“Табиий фанлар” кафедраси профессори
Солех Астанов