Жорий йилнинг 24 июнь куни таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Когон шаҳар кенгашига Когон шаҳар 5-ўрта умумий таълим мактаби рус тили фани ўқитувчиси Хамроева Тўйгул Аҳмадовна мурожаат қилиб, 2018-2019 ўқув йили давомида оёғи синганлиги сабабли олти ойлик муддатда меҳнатга лаёқатсизлик таътилида бўлганлиги учун унга шаҳар ҳалқ таълими бўлимининг бухгалтерия бўлими томонидан фақатгина 20 кун ҳисобидаги меҳнат таътили учун ҳақ тўланганлиги тўғрисида шикоят қилди.
Мазкур мурожаат шаҳар кенгаши ходимлари томонидан вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси юридик бўлими билан ҳамкорликда ўрганиб чиқилди. Ўрганиш давомида ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилганлиги аниқланиб, Когон шаҳар халқ таълими бўлимига тегишли тақдимнома киритилди. Тақдимномада МКнинг 141,142,148-моддаларига асосан ходимга ҳисобланган йиллик меҳнат таътили учун тўланадиган ҳақ қайта ҳисоб- китоб қилиниши талаб этилган.
Натижада, ходим Хамроева Туйгулнинг ҳуқуқи ҳимоя қилиниб, ходимга 48 кунлик меҳнат таътили белгиланиб, ушбу муддат асосида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 17 мартдаги 2985 рақам билан рўйхатдан ўтказилган “Йиллик меҳнат таътили вақтида сақланиб қолинадиган ўртача иш ҳақи миқдорини аниқлаш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг 2-боб 4-бандига асосан қайта ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилди.
Л.Джураева
Таълим, фан ва маданият ходимлари
касаба уюшмаси Когон шаҳар
кенгаши раиси