“Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини чуқур ўрганиб чиқдик. Қонун лойиҳаси пухта ишлаб чиқилган, унда касаба уюшмаларининг ҳуқуқ ва ваколатлари тўлиқ ўз ифодасини топган, касаба уюшмаси қонунчилик базаси такомиллашган . Амалдаги қонун 4 боб 22 моддадан иборат бўлса, янги қонун лойиҳасига 10 боб 69 та модда киритилганлиги фикримизнинг исботидир. Қонун лойиҳасига касаба уюшмалари асосий ҳуқуқлари, касаба уюшмалари инспекциялари ташкил этиш, ижтимоий шерикчилик бўйича алоҳида боблар киритилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Чунки, иш фаолиятимизда иш берувчилар, ижроия ҳокимият органлари билан муносабатларда қонундан жавоб тополмай, турли қонуности ҳужжатлари билан ишлашга тўғри келар эди. Янги қонун лойиҳаси қабул қилиниши билан мана шу муносабатлар механизми такомиллашади.
Қонун лойиҳасининг “Касаба уюшмалари фаолиятининг асосий принциплари” 6- моддасида тенг ҳуқуқлилик ва касаба уюшмаси аъзоларининг тенг ҳуқуқлиги принциплари алоҳида кўрсатиб ўтилган. Тенг ҳуқуқлилик сўзи ушбу моддада такроран ишлатилишининг зарурати йўқ ва шундан келиб чиққан ҳолда қонун лойиҳасининг 11 ва 14 -моддаларини бирлаштириш мумкин, деган фикрдаман : 11-модда. Касаба уюшмалари ва уларнинг аъзоларининг тенг ҳуқуқлилиги
Касаба уюшмалари уларнинг аъзолари сони, тармоққа мансублиги, ҳудудий жойлашуви, касаба уюшмалари бирлашмасидаги иштироки ёки бошқа белгиларидан қатъий назар тенг ҳуқуқларга эгалар.
Касаба уюшмасига мансублиги ёки мансуб эмаслиги фуқароларнинг қонунчилик билан кафолатланган меҳнат ва бошқа ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини чегаралашни келтириб чиқармайди.
Касаба уюшмаларининг барча аъзолари ўзларининг, ушбу Қонун, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, касаба уюшмаларининг уставлари ёки локал ҳужжатлари билан белгиланган барча ҳуқуқ ва мажбурияларида тенгдирлар.
“Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги қонуннинг қабул қилиниши фаолиятимизда мустаҳкам замин яратишига ва самарали натижалар беришига ишонаман.
Таълим, фан ва маданият ходимлари
касаба уюшмаси