Умумий ўрта таълим мактабларида бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раиси сифатида фаолият юритаётган ўқитувчилар меҳнатини муносиб тақдирлаш, уларнинг иш тажрибасини оммалаштириш, ёшларни касаба уюшмаси фаолиятига жалб этиш мақсадида эълон қилинган “Устозлар — касаба уюшмалари эъзозида” Республика танлови ғиждувонлик ўқитувчи ва касаба уюшма фаоллари томонидан қизғин маъқулланди.
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Ғиждувон туман кенгаши тасарруфидаги 67 та умумий ўрта таълим мактабларида 10 йилдан ортиқ касаба уюшма ташкилотига етакчилик қилаётган 9 нафар қўмита раислари 13 сентябрь куни ўтказилган танловнинг I — босқичида фаол иштирок этишди.
Танлов комиссияси барча иштирокчиларнинг фаолиятига оид иш ҳужжатларини ўрганди, улар билан суҳбат ўтказиб, Низом талабларига асосан баҳолади.
Аҳиллик, ўзаро дўстлик, самимийлик ила ўтказилган танлов натижаларига кўра, 29-умумий ўрта таълим мактаби касаба уюшма қўмитаси раиси Р.Абдувагапова, 43- мактаб касаба уюшма қўмитаси раиси Г.Ражабова, 6-умумий ўрта таълим мактаби касаба уюшма қўмитаси раиси Ҳасанова Шаҳло ғолибликни қўлга киритиб, кейинги босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдилар.
Тадбирда Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши молия бўлими мудири А.Асадов, Ғиждувон туман халқ таълими бўлими мудири З.Абдуллаевалар иштирок этишди.
Таълим, фан ва маданият ходимлари
касаба уюшмаси Ғиждувон туман кенгаши