Маиший техника жиҳозлари ўз эгаларига топширилди

Халқимиз ўзининг юксак маданияти ва олижаноб қадриятларининг амалий ифодаси сифатида хотин-қизларга ҳурмат-эътибор кўрсатиб, уларни ардоқлаб келади. Оила ва жамиятни бир-бири билан боғловчи бу хилқат соҳибалари ҳукуматимиз томонидан доимо қўллаб-қувватланиб келинмоқда.

 Жорий йилнинг 3 июнь куни Шофиркон  туман ҳокимлигида   28 нафар  кам таъминланган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларга эътибор кўрсатилиб, уларга тикув машинкаси, электропеч, газ плитаси, телевизор, музлаткич, кир ювиш машинаси каби маиший техника воситалари топширилди.

Туман ҳокими совғаларни ўз эгаларига топширар экан, аёлларнинг оз бўлса-да турмуш шароитини яхшилаш, уларнинг оғирини енгил қилиш,шу билан бир қаторда, туман раҳбари пандемия шароитини ҳисобга олган ҳолда хонадон бекаси бўлмиш аёлларга ўз оила аъзоларига эътиборли бўлиш, карантин қоидаларига амал қилиш, биргина бепарволик оқибатида ўзи ва атрофдагиларнинг ҳаётини хавфга солмаслик хусусида ҳам таъкидлаб ўтди.

 Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси  Республика Кенгашининг масъул ташкилотчиси Абдусалом Раҳмонов ҳам йиғилганларга ўзининг самимий дил сўзларини билдирар экан, турмушда қийин вазиятга тушиб қолган аёлларга ғамхўрлик давлатимиз эътиборида эканлигини таъкидлади.

—  Бир нафар фарзандим бор. Турмуш ўртоғим ва ўзим айни дамда ишсизмиз. Оилавий аҳволимизни ўрганган ҳолда эҳтиёжимиздан келиб чиқиб, бизга кир ювиш машинаси тақдим этилди. Бундан бениҳоя хурсандман. Аввало, Юртбошимизга, сўнг бу ишга бош қўшган барчага миннатдорчилик билдираман, — дейди талисангободлик Орзигул Абдуллаева.

Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси

Республика кенгашининг Бухоро вилояти бўйича

масъул ташкилотчиси А.Рахмонов 

Print Friendly, PDF & Email