ИННОВАЦИОН ТУРИЗМ КЛАСТЕРИГА САЁҲАТ

Бугунги кунда юртимизда туризм соҳасини пандемия шароитига мослаштирган ҳолда ривожлантириш йўлида қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда. Яқинда фаолият бошлаган “Bukhara Desert Oasis & Spa” инновацион экотуризм кластери бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг бир намунасидир. Ромитан туманининг Варахша массивида, қадимий Бўронтепа тепалиги яқинида Туйғун Бобоев ғояси асосида ташкил этилган ушбу сайёҳлик мажмуаси 10 гектар майдондан иборат. У кўл бўйидаги пляж, карвонсаройлар, саксон ўринли бир қанча ўтов, сардоба, кўҳна Варахша саройи макети, Шарқ ва Ғарб таомлари ресторани, шунингдек, соғломлаштириш масканлари, спорт ўйингоҳи каби объектларни ўз ичига олади.

Бу ерда саёҳатчилар от ва туяларда, электромобиль ҳамда квадрациклларда сайр этишлари, саҳналаштирилган томошаларни, мароқли шоу-дастурларни томоша қилишлари мумкин. Айни пайтда экотуризм кластери бир вақтнинг ўзида 500 кишини қабул қилиш имконига эга. Яқин келажакда масканда маҳаллий ва чет эллик сайёҳларга экологик, тарихий, гастрономик ҳамда маданий туризм йўналишларида хизмат кўрсатилади. Шунингдек, мажмуа теварагидаги ўттиз гектарли агро-экобоғлар ҳам дам олувчилар ва туристлар диққатини тортиши шубҳасиз.

Куни кеча Бухоро вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, шаҳар ва туман касаба уюшмалари фаоллари, тармоқ касаба уюшмаларининг масъул ташкилотчиларидан иборат уч юз чоғли кишининг айни шу масканга саёҳати уюштирилди. Улар маскандаги шарт-шароитлар, хусусан, диёримиз тарихи, маданияти, табиатини ўрганиш учун яратилган имкониятлар билан яқиндан танишдилар. Жабҳа вакилларининг инновацион туризм кластерига саёҳатлари таассуротларга бой бўлди.

 

 

 

 

                              Маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими

                                              етакчи мутахассиси Р.Нусратова

Print Friendly, PDF & Email