ДАЪВО ҚАНОАТЛАНТИРИЛДИ – АДОЛАТ ҚАРОР ТОПДИ

Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ходимлар, иш берувчилар, давлат манфаатларини эътиборга олган ҳолда, меҳнат бозорининг самарали амал қилишини, ҳаққоний ва хавфсиз меҳнат шарт-шароитларини, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва соғлиғи ҳимоя қилинишини таъминлайди, меҳнат унумдорлигини ўсишига, иш сифати яхшиланишига, шу асосда аҳолининг моддий ва маданий турмуш даражаси юксалишига кўмаклашади.

Шунингдек, Меҳнат кодексининг 112-моддасида меҳнат шартномасини ғайриқонуний равишда бекор қилганлик ёки ходимни ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказганлик учун ходим ишга тикланганда иш берувчига ходимга етказилган зарарни қоплаш мажбурияти юклатилади.

Бугунги кунда иш берувчилар томонидан меҳнат шартномасини ғайриқонуний бекор қилиниши, ходимлар меҳнат ҳуқуқлари поймол этилишининг энг қўпол шаклларидан бири бўлиб, бу борада касаба уюшмаларига кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.

Қоровулбозор “Техник таъминлаш ва бутлаш” шўъба корхонасида  маркетинг ва  таъминлаш бўйича агент лавозимида ишловчи, 1987 йилда туғилган, Қосимов Умар Анварович ва шу корхонада механик лавозимида ишловчи, 1982 йилда туғилган, Мухитдинов Фаррух Фазлитдиновичларнинг 2020 йил 7 августда ва Қоровулбозор  саноат ва касб-ҳунар коллежида ўқитувчи лавозимида ишлаб келган, 1977 йилда туғилган, Ҳамроева Дилдора Саноқуловнанинг Бухоро вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашига улар билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 1-бандига асосан бекор қилинганлиги сабабли, ишга тикланишига амалий ёрдам кўрсатишни сўраб қилган мурожаатлари, Когон туманлараро фуқаролик суди томонидан 2020 йил 19 октябрь куни, бирлашманинг даъво аризасига асосан кўриб чиқилди.

 Даъво аризасида Қоровулбозор “Техник таъминлаш ва бутлаш” шўъба корхонасининг Ф.Мухитдинов ва У.Қосимовлар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги 2020 йил 3 августда чиқарилган 105 п.1, п.2 сонли ва Қоровулбозор саноат ва касб-ҳунар коллежининг 2020 йил 30 июндаги  43-сонли буйруғига асосан Д.Ҳамроева билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиниши, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 101-моддаси ва корхоналарнинг жамоа  шартномалари талаблари бузилган ҳолда ғайриқонуний  чиқарилганлиги баён қилинган.

Иш берувчининг ходимни ишдан бўшатишга розилик беришни сўраб берган тақдимномаси кўриб чиқилиши асосида касаба уюшмаси қўмитаси томонидан берилган ёзма розилик (мажлис баённомасидан кўчирма) қабул қилинган пайтидан бошлаб бир ой давомида юридик кучга эга бўлади ва ходимни ишдан бўшатиш учун асос бўлиши мумкин. Бир ойлик муддатнинг узрли сабабсиз ўтқазиб юборилиши мазкур ҳужжат юридик кучини йўқотиб қўйишига олиб келади ва мазкур  муддат ўтганидан кейин ходимнинг ишдан бўшатишга асос бўла олмайди. Ушбу муддат ўтганидан кейин ходимнинг ишдан бўшатилиши  касаба уюшмаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи розилиги олинмасдан ишдан бўшатиш деб баҳоланади.

 Суд даъвогарнинг даъвосини муҳокама этиб, Меҳнат кодексининг 101-моддасига асосан Ф.Мухитдинов ва У.Қосимовлар билан тузилган меҳнат шартномаси корхона касаба уюшма қўмитасига тақдимнома киритмасдан, қўмитанинг розилигини олмасдан бекор қилинганлигини, худди шу каби камчилик,  Қоровулбозор саноат ва касб-ҳунар коллежи раҳбарияти томонидан Д.Ҳамроева билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилинишида ҳам такрорланганлигини,  коллеж касаба уюшма қўмитаси йиғилиши Д.Ҳамроеванинг иштирокисиз, уни хабардор қилинмасдан ўтқазилганлигини инобатга олиб, Қоровулбозор “Техник таъминлаш ва бутлаш” шўба корхонасининг 2020 йил 3 августдаги 105 п.1, п.2 сонли ҳамда Қоровулбозор саноат ва касб-ҳунар коллежининг 2020 йил 30 июндаги  43-сонли буйруқлари ғайриқонуний деб бекор қилишни, Ф.Мухитдинов, У.Қосимов ва Д.Ҳамроеваларни ўз вазифаларига ишга тиклашни лозим топди.

Даъвогар Бухоро вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг Ф.Мухитдинов ва У.Қосимовлар манфаатида жавобгар  Қоровулбозор “Техник таъминлаш ва бутлаш” шўба корхонасига нисбатан, шунингдек,  Д.Ҳамроеванинг манфаатида жавобгар Қоровулбозор саноат ва касб-ҳунар коллежига нисбатан ишга тиклаш, мажбурий прогул кунлари учун ҳақ ва маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги даъвоси қаноатлантирилиб, Қоровулбозор “Техник таъминлаш ва бутлаш” шўба корхонасидан Ф.Мухитдинов ва У.Қосимовлар фойдасига 13.450.000 сўм,   Қоровулбозор саноат ва касб-ҳунар коллежидан Д.Ҳамроева фойдасига 11.500.000 сўм ундирилди. Жавобгарлар Қоровулбозор “Техник таъминлаш ва бутлаш” шўба корхонаси ҳамда Қоровулбозор саноат ва касб-ҳунар коллежи томонидан давлат фойдасига давлат божи ундирилиши юклатилди.

      Бухоро вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари

      бирлашмаси етакчи юрисконсульти  Х.Чориев

Print Friendly, PDF & Email