Аввало, сиз, азизларни мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим воқеа – Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг саккизинчи қурултойи очилиши билан чин қалбимдан табриклаб, барчангизга ўзимнинг чексиз эҳтиромим ва эзгу тилакларимни билдираман.
Ҳурматли дўстлар!
Сизларга яхши маълумки, дунёдаги ҳар бир давлатнинг миллий тараққиётида аввало инсон меҳнати ва салоҳияти беқиёс аҳамият касб этади.
Шунинг учун ҳам республикамизда меҳнат муносабатларини тубдан ислоҳ қилиш, фуқароларимизнинг меҳнат соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, бандлик масаласини ҳал этиш, камбағалликни қисқартиришга катта эътибор берилмоқда.
Ана шундай ёндашув асосида кейинги тўрт йилда ушбу йўналишдаги миллий қонунчилигимизни такомиллаштириш, аҳолининг қонуний даромад топиши, тадбиркорлик билан шуғулланиши учун қулай имкониятлар яратиш, мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Шу борада биз эришган натижалар жаҳон ҳамжамияти, жумладан, БМТ, Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСЕФ каби нуфузли халқаро тузилмалар томонидан тан олинмоқда.
Буларнинг барчасида меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдек олижаноб мақсад йўлида 14 та тармоқ ва 14 та ҳудудий бўлинмани, 5,5 миллиондан ортиқ аъзоларни бирлаштирган, жамиятимиз ҳаётида алоҳида ўрин тутадиган Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг муносиб ҳиссаси борлигини эл-юртимиз яхши билади ва юксак қадрлайди.
Дарҳақиқат, сизларнинг бевосита иштирокингизда меҳнат муносабатларини такомиллаштириш, ижтимоий ёрдам ва адолат тамойилларини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг фаоллигини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Айниқса, коронавирус пандемияси ва глобал иқтисодий инқироз шароитида аҳоли ва иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларимизни амалга оширишда мамлакатимиздаги энг йирик фуқаролик институти бўлган Ўзбекистон касаба уюшмалари чинакам жонбозлик кўрсатмоқда.
Ушбу тизим ривожида сўнгги йилларда қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, хусусан, “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилингани, Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси ва бошқа халқаро тузилмалар билан яқин алоқаларни йўлга қўйганимиз, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси аҳолининг меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий ҳимоясини таъминлашда Ҳукуматнинг тенг ҳуқуқли ҳамкорига айланиб бораётгани муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Айни шу асосда халқ билан самарали мулоқот олиб боришда касаба уюшмалари энг халқчил ва демократик тузилма сифатида ўзини яққол намоён этиб, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича умуммиллий ҳаракатимизда фаол қатнашмоқда.
Буюк Амир Темур бобомизнинг “Миллатнинг дардларига дармон бўлмоқ – вазифангиздир”, деган даъватига амал қилиб келаётган ташкилот фаоллари сўнгги йилларда мамлакатимиздаги 2 миллион 160 мингта оиланинг турмуш шароити билан чуқур танишиб, 650 мингта муаммони аниқлагани ва уларнинг 556 мингтаси ўз ечимини топгани, касаба уюшмалари иштирокида 7 мингта уй-жой тўлиқ таъмирлангани эътиборга моликдир.
Шунингдек, 1400 та оила янги уй-жойлар, 28 минг оила маиший техникалар билан таъминлангани, эҳтиёжманд оилаларга мансуб 2400 нафар беморга бепул тиббий ёрдам кўрсатилгани айниқса диққатга сазовордир.
Касаба уюшмалари федерацияси ташкил этган хайрия акцияси доирасида моддий аҳволи оғир бўлган 642 минг нафардан ортиқ киши ишга жойлаштирилгани, қарийб тўрт мингта тўйлар ўтказиб берилгани ҳам ана шундай эзгу ва хайрли ишлар қаторига киради.
Бундан ташқари, Федерация томонидан ишчи-ходимларнинг 35 мингдан ортиқ мурожаат ва шикоятлари кўриб чиқилиб, 13 минг 500 нафарга яқин фуқаронинг қонуний ҳуқуқлари тикланди, аризачилар фойдасига 13 миллиард сўмлик маблағ ундириб берилди.
Пандемиянинг биринчи кунларидан бошлаб куну тун фаолият юритиб келаётган Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг “ишонч телефони”га келиб тушган 50 мингдан зиёд мурожаатнинг аксарияти ижобий ҳал этилгани ҳам ушбу тизимда фуқаролар муаммолари билан ишлаш бўйича салоҳият ва имкониятлар катта эканини кўрсатади.
Бухоро ва Сирдарё вилоятларида юз берган табиий ва техноген офат оқибатларини бартараф этишда Касаба уюшмалари фаоллари аҳолига биринчилар қаторида елкадош бўлганларини таъкидлаш лозим.
Юртимизда гендер тенгликни таъминлаш тобора устувор аҳамият касб этиб бораётган ҳозирги пайтда касаба уюшмалари ҳурматли аёлларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, хотин-қизларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ўрнини кучайтиришда ўрнак ва намуна кўрсатмоқда.
Шунингдек, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, ёш авлодни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш масалалари ҳам ушбу тизим вакилларининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда.
Сизларнинг ташаббусингиз билан ички ва ташқи туризм ҳамда тиббий сайёҳликни ривожлантириш бўйича ҳам бир қатор ишлар қилинмоқда. Турли ташкилот ва муассасалар ходимлари ва уларнинг оила аъзолари, кекса авлод вакиллари, эҳтиёжманд оилаларга мансуб аёллар ва болалар, шунингдек, «Меҳрибонлик» уйлари тарбияланувчилари, жами 800 минг киши турли йўналишлар бўйича саёҳатга олиб борилганини алоҳида қайд этиш ўринлидир.
Албатта, ўзининг эзгу ғоялари, амалий ишлари билан жамиятимиз ҳаётига ғоят яқин бўлган ушбу халқчил тузилманинг эътибор ва ғамхўрлигини бугун юртимизда ҳар бир жамоа, ҳар бир меҳнаткаш ҳис қилиб яшамоқда. Бу – касаба уюшмалари фаолиятининг энг муҳим натижаси, десак, айни ҳақиқат бўлади.
Фурсатдан фойдаланиб, республикамизда тинчлик-осойишталик, меҳр-оқибат ва саховат, ўзаро ёрдам ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга қўшаётган улкан ҳиссангиз, фидокорона меҳнатингиз учун сизларга ўз номимдан, бутун халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдираман.
Муҳтарам юртдошлар!
Жонажон Ўзбекистонимиз янги Уйғониш ва тараққиёт даврига қадам қўйган, ана шу юксак мақсад йўлида буюк ишлар амалга оширилаётган ҳозирги кунда халқимизни янада катта марралар сари сафарбар этишда касаба уюшмаларининг роли ва таъсири тобора ортиб бормоқда.
Ишончим комил, мазкур қурултой касаба уюшмалари фаолиятини чуқур танқидий таҳлил қилиб, олдинда турган вазифаларни аниқ белгилаб олиш, иш самарасини янада ошириш бўйича янги таклиф ва ташаббусларни илгари суриш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади.
Ушбу анжуман ўз сафларида миллионлаб одамларни бирлаштирган касаба уюшмалари тарихида янги даврни бошлаб беради, деб умид билдираман.
Шу муносабат билан қурултой қатнашчиларига бир таклиф билан мурожаат қилмоқчиман: Ўзбекистон касаба уюшмаларининг мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидаги улкан ўрни ва аҳамиятини эътиборга олиб, республикамизда 11 ноябрь санасини Касаба уюшмалари куни деб белгилаш мақсадга мувофиқ бўлур эди.
Шу билан бирга, мазкур соҳа учун замонавий билим ва малакага эга бўлган, ижтимоий муносабатлар назарияси ва амалиётини, бу борадаги халқаро тажрибани пухта биладиган етук кадрларни тайёрлаш мақсадида Касаба уюшмалари академиясини ташкил этиш масаласини ҳам кўриб чиқишни таклиф этаман.
Ҳурматли қурултой иштирокчилари!
Халқимизда “Одам қадрин меҳнат оширар”, деган чуқур маъноли мақол бор.
Ҳақиқатан ҳам, ҳалол ва олижаноб меҳнат инсонни улуғлайди, унинг оила ва жамиятда, эл-юрт ўртасида муносиб обрў-эътибор топишига хизмат қилади.
Аминманки, ўз ҳаётини шарафли вазифага – меҳнат ва меҳнат эгаларининг ҳуқуқлари муҳофазасига бағишлаган юртдошларимиз ҳар қандай юксак ҳурмат ва эҳтиромга муносибдир.
Сизларнинг тимсолингизда биз ана шундай жонкуяр ва фидойи инсонларни кўрамиз, меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада ишончли таъминлашда сизларни давлат идораларининг яқин ҳамкори ва кўмакчиси, деб биламиз.
Барчангизни бугунги анжуман билан яна бир бор қутлаб, масъулиятли ва серқирра фаолиятингизда сиҳат-саломатлик, омад ва зафарлар, қурултой ишига эса муваффақиятлар тилайман.
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти