Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий ва барча соҳалардаги ислоҳотлар давлат сиёсатининг ўзагини миллат ва Ватан манфаатлари ташкил этади. Зеро, ушбу халқона сиёсат жонажон юртимизда адолатли жамият яратиш ва демократик давлат қуриш, аҳолининг турмуш фаровонлиги ва юксак ҳаёт даражасини таъминлаш, мамлакат равнақи ва қудратини оширишни ўзида мужассам этган.
Жонажон Ўзбекистонимиз янги Уйғониш ва тараққиёт даврига қадам қўйган, ана шу юксак мақсад йўлида буюк ишлар амалга оширилаётган ҳозирги кунда халқимизни янада катта марралар сари сафарбар этишда касаба уюшмаларининг роли ва таъсири тобора ортиб бормоқда.
Жорий йил 11 ноябр куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VIII Қурултойи бўлиб ўтди. Мустақил Ўзбекистон тарихида илк маротаба Ўзбекистон Республикаси Президенти касаба уюшмалари қурултойи қатнашчиларига табрик йўллади, 11 ноябрни «Касаба уюшмалари куни» этиб белгилашни таклиф этди.
Тарихий қурултойимизнинг асосий мазмун-моҳиятини касаба уюшма фаолларига етказиш мақсадида жорий йил 13 ноябрь куни Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Бухоро шаҳар бўлинмаси кенгаши томонидан тармоқ бошланғич касаба уюшма қўмитаси фаоллари учун семинар ўтказилди. Семинарда тармоқ ташкилотларидан 50 нафардан ортиқ ходимлар иштирок этдилар. Семинар давомида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Бухоро вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Р.Носирова томонидан Президентимиз Ш.М.Мирзиёвнинг “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси делегатларига табриги”, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси VIII қурултойи делегатларининг мамлакатимиз халқи, ишчи-меҳнаткашлар, касаба уюшмалари ташкилотлари ва ижтимоий шерикларга Мурожаати ўқиб эшиттирилди.
Семинар якунида Табрик ва Мурожаатдан келиб чиқган ҳолда барча даражадаги касаба уюшмалари ташкилотлари олдида турган вазифалар белгилаб олинди.
Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси
Бухоро шахар бўлинмаси кенгаши
мутахассиси А.Обидов