Хоразм бўйлаб саёҳат

Автобус қум барҳанлари оралаб текис йўллар орқали Хоразм заминига етиб келди ва бизни “Хоразм палаc” меҳмонхонаси ёнида қолдирди. Биз ичкарига киришимиз заҳоти меҳмонхона ходимларининг илиқ кутиб олиши ва табассумини кўриб йўл чарчоқлари ҳам тезда тарқала бошлади. Эллик нафардан ортиқ касаба уюшмаси томонидан юборилган ишчи, хизматчи ва ўқитувчилар жамоаси хоразмлик мезбонлар томонидан юксак ҳурмат ва эътибор билан кутиб олинди. Меҳмонхона хоналарининг батартиблигини айтмаса ҳам бўлади. Жойлашиб олгунимизча бизни тушликка таклиф қилишди. Меҳмонхонадаги иқлим ва меҳмоннавозлик муносабатларининг ўзи менда жуда катта таассурот қолдирди.

Ватанпарвар аждодимиз Жалолиддин Мангуберди ҳақида жуда кўп ривоятлар ва тарихий манбалардан бохабарлигим сабабли бу элпарвар, мард ва жасур алп ўғлон ҳайкалини бориб кўриш орзусида эдим. Худди шу куни биз ҳайкал пойига гулдасталар қўйиш шарафига муяссар бўлдик. Иккинчи кунида эса тарихий обида ва миноралар қуршовида қад ростлаган Ичан Қалъани кўриш ҳам бизга насиб этди. Йўлбошловчининг қалъа ҳақидаги ҳар бир маълумотларини тинглаб барчамиз Хива хонликларию мозийга саёҳат қилдик. Калта минор ҳақидаги ривоятлар эса тарихдан сўзлади.

Меҳмонхона ойналари орқали бутун Урганч шаҳри кафтдек намоён бўлиб, шаҳарда қурилаётган янги биноларни кўриб кўзинг қувнайди. Юртимизнинг ҳар бир бурчагида бўлаётган ўзгаришлар ва ривожланишлардан инсонни ўз-ўзидан шукроналик ҳисси чулғайди. Шу пайт меҳмонхона ходимларининг кечки таомга қилган таклифлари хаёлимни бўлиб юборди. Ички туризм бўйича меҳмонхона менежери Бекчанов Илҳомбек, ишчи-хизматчилари Эшматов Журъатбек ва Эркабоева Озодалар бизни яна хушмуомалалик билан кечки овқатга кутиб олишди. Икки кунлик сафаримиз давомида жуда кўп таассуротлар билан уйимизга, ишимизга қайтдик. Бизга кўрсатилган бундай эътибор, эъзоз ва эҳтиром учун  касаба уюшмасига барча саёҳатчилар номидан миннатдорчилик билдирамиз.

 Ромитан туманидаги

8-мактаб  ўқитувчиси

Нигора Ҳаётова

Print Friendly, PDF & Email