Людмила Элькина “Neftegazavtotransxizmat” унитар корхонасида меҳнат қилади. У яқинда “Buxorogazsanoatqurilish” АЖ тизимида фаолият кўрсатаётган ишчи-ходимлар ўртасида бўлиб ўтган стол тенниси ва шахмат беллашувларида ғолиб чиқди. Акциядорлик жамиятининг касаба уюшма қўмитаси томонидан ўтказилган анъанавий спартакиада айни шу спорт турлари ҳамда рус шашкаси бўйича баҳслардан иборат бўлди. Унда 1300 нафардан ортиқ киши ишлаётган АЖ таркибидаги “Maxsus montaj va mexanizatsiya”, “Qurilish va obodonlashtirish”, “Qurilish konstruksiyalari va ta’minot”, “Kogonelektromontajchi”, “Maxsuskimyohimoyaqurilish”, “Tibbiysanqism” сингари унитар корхоналар ҳамда “Бухоронефтгазсувқурилиш” МЧЖнинг ишчи-ходимлари ҳам ўзаро куч синашдилар.
Меҳнаткашларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларни оммавий спортга кенг жалб қилиш мақсадида “Neftgazavtotransxizmat” УКда уюштирилган беллашувлар қизғин ва муросасиз руҳда кечди. Хусусан, “ақл гимнастикаси” баҳслари ўзига хос интригаси билан ажралиб турди. Эркаклар орасида “Maxsus montaj va mexanizatsiya” УК ходими Фарҳод Сафаров биринчи ўринни эгаллади. Шу корхонанинг яна бир ишчиси Ботир Ҳасанов ва “Бухоронефтгазсувқурилиш” МЧЖ ходими Хайрулло Бозоровлар кейинги ўринларни банд этдилар. Аёллар ўртасидаги мусобақа якунига кўра эса Л. Элькина билан бирга Галя Каҳарова ва Раҳима Саломовалар ҳам шоҳсупага кўтарилишди.
Ўз навбатида, “Neftegazavtotransxizmat” УК ишчиси Абдунаби Ҳусенов ҳамда “Qurilish va obodonlashtirish” УК ходимаси Зулфия Давлетовалар шашка бобида ўз тоифаларида тенгсиз эканликларини кўрсатишди. Қолаверса, эркаклар орасида чаққонлик ва эпчиллик кўригида Феруз Ҳожиев ўз маҳоратини кўрсатиб, стол тенниси бўйича ғолибликка эришди.
– Ишчи-ходимларимизнинг ақлий салоҳиятлари ҳамда саломатликлари, жисмоний ҳолатларини янада яхшилашга қаратилган бундай тадбирларнинг аҳамияти фақат шу мақсадлар билангина чекланмаган, – дейди “Buxorogazsanoatqurilish” АЖ бошланғич касаба уюшмаси раиси Раим Аминов. – Беллашувлар баҳона катта жамоанинг аҳил аъзолари дийдор кўришдилар. Спортдаги рақобат асносида ўзаро дўстлик, ишонч, самимият, оқибат ришталари янада мустаҳкамланди. Шу боис бундай мусобақаларни тез-тез ўтказиш ниятидамиз.
Спартакиада якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари ва фахрий ёрлиғлари билан тақдирландилар.
Маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими