Бухоро вилоят прокуратураси тизимида меҳнат қилаётган ходимларни ижтимоий-иқтисодий муҳофаза этиш юзасидан бошқарма маъмурияти ва касаба уюшма қўмитаси ўртасида 2021-2023 йилларга мўлжаллаб тузилган жамоа шартномасининг 2021 йилда бажарилиши юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят прокурори ўринбосари Б.Камолов, бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси З.Жўраевлар иштирок этдилар.
- 2021 йил давомида иш берувчи билан жамоа шартномасини тузиш, унга ходимлар учун қўшимча имтиёзлар киритиш ва уларнинг ижросини таъминлашга эришиш касаба уюшма қўмитасининг доимий диққат марказида бўлганлигини алоҳида эътироф этиш лозим, — деди йиғилишда дастлаб сўз олган вилоят прокурори ўринбосари Б. Камолов.
Қайд этилганидек, ўтган йил давомида, жамоа шартномаси асосида Бухоро вилоят прокуратураси бошланғич касаба уюшма қўмитаси ташаббуси билан умумҳалқ байрамларини ўтказиш, саёҳатлар ташкил этиш, жисмоний тарбия ва спорт ишлари, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтожларга моддий ёрдам кўрсатиш, санаторийларга йўлланмалар ажратиш, ишчи-ходимлар учун яратилган шарт-шароитларнинг яхшиланишига алоҳида эътибор қаратилди. Масалан, прокуратура органлари ходимлари куни байрам тадбирларига касаба уюшмаси маблағлари ҳисобидан 10,8 миллион сўм сарфланди. Корхонанинг 5 нафар собиқ ходимига ушбу сана арафасида 3,7 миллион сўмлик қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.
Бундан ташқари, йил давомида 18 нафар ходим ва уларнинг оила аъзоларига саломатлигини тиклаш мақсадида имтиёзли йўлланмалар ажратилди ва 45,5 миллион сўм маблағ касаба уюшмаси ҳисобидан қопланди. 7 нафар ходимга 20,4 миллион сўмлик моддий ёрдам ажратилди. Маданий-маърифий табирлар учун жами 104,6 миллион сўм маблағ сарфланди.
Йиғилишда вилоят прокуратураси бошланғич касаба уюшма қўмитасининг 2021 йил давомидаги иш фаолияти атрофлича таҳлил этилиб, жамоа шартномасида кўрсатилган айрим бўлим ва бандлардаги вазифалар ижроси ва фаолиятда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш, касаба уюшма қўмитасининг 2022 йил иш фаолияти давомидаги асосий эътибор қаратиладиган вазифалардан бири бўлиб қолиши таъкидланди. Жамоа шартномаси бажарилишини ва келгусида янги жамоа шартномаси лойиҳасини ишлаб чиқиш комиссияси таркибига касаба уюшма қўмитаси вакиллари том маънода ходимларнинг манфатини кўзлаган ҳолда иш кўришларини йўлга қўйиш, амалдаги жамоа шартномаси шартларининг бажарилиши касаба уюшма қўмитаси томонидан ҳар ойда бир маротаба мониторинг қилиб борилиши, белгиланган муддатларда бажарилмаётган бандлар бўйича иш берувчига таклифларни киритиб бориш юзасидан тавсиялар берилди.
Туроб ҚУЛИЕВ,
Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат
хизмати ходимлари касаба уюшмаси
Бухоро вилоят Кенгаши раиси ўринбосари