51 миллион сўм ундирилди

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят кенгашига Бухоро шаҳрида яшовчи фуқаро Ж.Ҳамроев ариза билан мурожаат қилди. Етмишни қоралаган бу шахс ўз аризасида соғлиғига етказилган зарар тўловларини Когон туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасидан ундириб берилишини сўраган. Ариза бирлашма кенгаши мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилди.

Ж.Ҳамроев собиқ Бухоро вилоят ДСУ-23 корхонасига бундан 47 йил муқаддам ишга киради. Айнан ўша йили Когон туманидан ўтувчи М-37 автомобиль йўлидан Ж.Ҳамроев корхонага тегишли КАЗ-608 автомашинасини бошқариб бораётган вақтда бошқа бир корхонага тегишли трактор ҳайдовчиси билан тўқнашиб кетиши оқибатида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлади ва у оғир тан жароҳати олади. Фуқарога ТМЭК томонидан ногиронлик белгиланади ва шундан сўнг корхона томонидан соғлиғига етказилган зарар тўловлари тўлаб келинади. Орадан йигирма йил ўтиб, корхона банкротликка учрагач, вилоят автомобиль йўллар ҳудудий  бошқармаси томонидан Когон туман йўл қурилиш унитар корхонаси ҳисобига ўтказилади. Ушбу корхона томонидан Ж.Ҳамроевнинг соғлиғига етказилган зарар тўловлари 2007 йилга қадар тўлаб келинади.

Бу орада фуқаро  жиноятга қўл уриб, 15 йилга озодликдан маҳрум этилади. Айнан шу даврда соғлиғига етказилган зарар тўловлари тўланмасдан қолиб кетади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2005 йил 11 февралдаги қарори билан тасдиқланган «Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг  бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш қоидалари»нинг  тегишли бандига кўра Ж.Ҳамроевга тўланмай қолган маблағ ҳисоб-китоб қилиниб, 51 507 993 сўмни ташкил этиши аниқланди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят кенгаши томонидан иш судга оширилди. Фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро суд мажлисларида Ж.Ҳамроевнинг соғлиғига етказилган зарар тўловларини ундириш масаласи кўриб чиқилди ва Когон туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасидан унинг фойдасига 51 507 993 сўм зарар пулларни ундириш бўйича ҳал қилув қарори чиқарилди.

Ҳайитбек БАРНОЕВ,

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бухоро вилоят кенгаши меҳнат техник инспектори

Print Friendly, PDF & Email