Раҳбар ва ёшлар учрашуви

 Бухоро шаҳридаги “Ёшлар маркази” эрта тонгданоқ вилоятдаги олий таълим муассасаларининг биринчи курс талабалари билан гавжум. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят Кенгаши ташаббуси билан ташкил қилинган “Ёш тадбиркорлар ва ҳунармандлар кўргазмаси” уларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Бир ҳафта муқаддам “Astrum” IT академиясида роботатехника бўйича энг йирик танловлардан бири бўлмиш “FIRST Global Challenge 2022” нинг республика босқичи бўлиб ўтди, – дейди Бухоро давлат университетида ташкил қилинган «ROBOTS AND ME» ўқув марказининг роботатехника фани ўқитувчиси, кўргазма қатнашувчиси Мухиддин Некбоев.

 – Мазкур беллашувда бизнинг «Robots And Me KIDS» жамоамиз ғалаба қозониб, жорий йилнинг 13-16-октябрь кунлари Швейцарияда, мазкур мусобақанинг якуний босқичида қатнашиш имкониятига эга бўлишди. Кўриб турганингиздек, бугунги кўргазмада жамоамиз ихтироси бўлмиш сунъий қўлни намойиш қилаяпмиз. Бу эса кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Кўргазмадаги ёш тадбиркорлар ва ҳунармандларнинг ижодий ишлари, ихтироларини кўздан кечирган ёшлар “Ёшлар маркази”нинг мажлислар залида ташкил этилган “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ҳам қатнашишди.

Кўргазмадаги ёш тадбиркорлар ва ҳунармандларнинг ижодий ишлари, ихтироларини кўздан кечирган ёшлар “Ёшлар маркази”нинг мажлислар залида ташкил этилган “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ҳам қатнашишди. Тадбирда дастлаб Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят Кенгаши раиси Муҳаммадқосим Олимов сўзга чиқиб, икки даврда ҳам раҳбарлик лавозимида фаолият юритган инсон сифатида айни пайтда ёшларга яратиб берилган имкониятлар борасида тўхталди. Шунингдек у қандай қийин шароитларда ишлагани, ўша оғир пайтлардаги аҳволни мисоллар билан айтиб, келажагимиз ворисларини фаолликка чорлади.

Ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда касаба уюшмаларининг роли қандай бўлаётгани ҳақида маълумотлар берди. Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Шавкат Раҳмонов ва вилоятдаги олий таълим муассасалари тажрибали ўқитувчилари эртамиз эгалари учун яратилган шароитлар, имтиёз ва имкониятлар ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар учун белгиланган алоҳида имтиёзлар ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

– Касаба уюшмаси томонидан турли ташкилотлардаги ишчи-ходимларни мамлакатимизнинг қадимий масканларига зиёрат ва саёҳати уюштирилаётганини ижтимоий тармоқ ҳамда ОАВ орқали кузатиб бораман, – дейди Бухоро давлат университети талабаси Нигина Шодиева. – Менинг ҳам ана шундай саёҳат, зиёратларга боргим келади. Талабалар учун касаба уюшмаси фаолияти қайта тикланадими? Агар шундай бўлса, ҳам манфаатимизни ҳимоя қиладиган, ҳам маънавий ҳордиғимизни таъминлайдиган жамоат ташкилоти атрофида бирлашган бўлардик.

Тадбир якунида талабалар томонидан берилган саволларга батафсил жавоблар қайтарилди.

Print Friendly, PDF & Email