Қилинмаган айб учун икки жазо

Одамларнинг ҳаёти, иш фаолиятида тушунмовчиликлар, ноҳақликлар учраб туради. Бу каби синовларда киши тобланади, сабоқ олади, қайта оёққа туриш ва курашишни ўрганади.

Дилфуза Саидова бир нафар фарзанднинг онаси. Ўн беш йилдан бери “Бухоро” халқаро аэропорти МЧЖсида ишлаб, ёлғиз ўзи рўзғор тебратиб келади. Туҳмат сабабли аёл номига қора чапланди.  Яхшиямки, ёлғонларнинг миси чиққач, ходима жавобгарликдан озод қилинди. Аммо бу ишлар натижасида корхона маъмурияти томонидан унга интизомий жазо чораси қўлланилди ва лавозимини пасайтириш бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Аввалига ўзининг “мажбурий-ихтиёрий” аризасига кўра жамиятнинг қишлоқ хўжалиги бўлимига хизматчи бўлиб ўтди. Касабақўм ходимага бошқа ишга ўтиш тўғрисида ариза ёзиб бермаса, у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинишини айтгач, ноилож ариза ёзди. Бир ой ишлаганидан сўнг ўз ишига қайтаришга ваъда берилди. Бунинг устига интизомий жазо чораси қўллаш тўғрисида қарор қабул қилиниб, ҳайфсан эълон қилинди.

“Интизомий жазодан бехабар эдим, билганимда, бошқа ишга ўтишга умуман рози бўлмасдим, ахир улар мени мана шу тушунмовчилик ортидан келиб чиққан вазиятни деб икки марта қайта жазолашлари мумкинми?! Бунинг устига менга қўйилган айблов юзасидан суд томонидан жавобгарлик қўлланилмади, дейди у касаба уюшмалари вилоят кенгашига қилган мурожаати чоғида. 

Иш судга оширилди. Касаба уюшмаси вилоят кенгаши судда ходиманинг вакили сифатида иштирок этди. Суд муҳокамаси жараёнида ҳақиқатдан ҳам  Д.Саидовага нисбатан қўлланилган интизомий жазо чораси ғайриқонуний бўлиб чиқди. Бунинг устига иккинчи маротаба қўллаш учун киритилган тақдимномада келтирилган ножўя ҳаракатлар асосланмаганлиги аниқланди.

Ана шуларни инобатга олган ҳолда, даъво қаноатлантирилди, жазо чоралари бекор қилинди. Уни ўз лавозимига қайта тиклаш бўйича қарор қабул қилинди. Мажбурий прогуль кунлари учун МЧЖдан 6.242.310 сўм, маънавий зарар учун 3 миллион сўм товон пули ва бошқа харажатлар ундириб берилди.

 Дилдора ИБРОҲИМОВА,

“ИШОНЧ” газета мухбири

Print Friendly, PDF & Email