Кабинетимда компьютерни варанглатиб Таваккал Қодировнинг “Фасли навбаҳор”ини тинглаб ўтирсам, қўшни хонадан жамоадошим Абира опа кириб келди. Баҳорни соғинибсиз-да, — деди жилмайиб.
-Шундай! Ҳар гал янги йил ўтиши билан баҳорни қўмсаб энтикиб кетаман. Шу фаслда туғилганимнинг таъсири бўлса керак, — дейман орзиқиб
-Ташкилотимизнинг чорбоғида баҳор аллақачон бошланган-ку, юринг томоша қилиб келамиз, — деди.
Икковлон етаклашиб Бухоро вилоят кенгаши биноси ҳовлисидаги иссиқхонага тушдик. Ўтган йили қишда шу уч сотихли ер иссиқхона сифатида ўраб олингани ва лимонарияга айлантирилаётганидан хабарим бор эди. Лекин ҳеч ичкарисига кириб кўрмаган эканман. Боғбон эшикни очиши билан дилим ёришиб, кўзларим яшнаб кетди. Ям-яшил чаманзор, қийғос очилган алвонранг гуллар, ғунча туккан мандарин ва лимон дарахтларини биринчи марта кўришим. Бир томонда қатор тизиб экилган памидор кўчатлари ҳосили етилай деб қолган. Бошқа томонда эса геран, атиргул, қизғалдоқ, алоэ ва мен номини билмайдиган яна олтмишга яқин аллақандай гуллар яшнаб ўсяпти. Бир дона яшил дарахт топиб бўлмайдиган қаҳратонда ташкилотингизда шундай чаманзорнинг бўлиши қанчалик завқли.
Боғбоннинг айтишича, бу ердаги гуллар биз ходимларнинг чарчоқ ёзиб ҳордиқ чиқаришимиз, оғир иш кунларида бироз бўлса-да эстетик завқ олишимиз учун, мева ва сабзавотлар эса яхши кунларда ҳамма билан бирга баҳам кўриш учун етиштириляпти.
Қувонарлиси, шаҳарнинг қоқ марказида жойлашган ташкилотнинг кичкинагина еридан шунчалик самарали фойдаланилаяпти. Ташкилотимизга йўлингиз тушса чаманзор боғимиздаги гулларни томоша қилишни унутманг!