Жорий йилнинг 23 февраль куни вилоят Кенгаши катта мажлислар залида касаба уюшмаси ташкилотлари тафтиш комиссиялари раиси ва аъзолари учун ўқув-семинари ташкил этилди. Ўқув-семинарини вилоят Кенгаши раиси Олимов Муҳаммадқосим Ҳошимович кириш сўзи билан очиб, тафтиш комиссиялари фаолияти, уларнинг ҳуқуқлари, вазифалари ва мажбуриятлари, иш тартиби ҳамда касаба уюшмалари фаолиятида тафтиш комиссиясининг роли, хусусан касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан Устав талаблари доирасида аъзолик бадаллари, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштиришга йўналтириладиган маблағлардан фойдаланиш ва улардан мақсадли фойдаланилишини тафтишдан ўтказиш ва назорат қилиш йўналишида тавсиялар берилди.
Тафтиш комиссиялари фаолиятини ривожлантириш бўйича муҳим вазифалар тўғрисида “Бухорогазсаноатқурилиш” АЖ касаба уюшмаси қўмитаси раиси, вилоят ташкилоти тафтиш комиссияси раиси Аминов Раим Мавлянович маъруза қилиб, туман, шаҳар кенгашлари, бошланғич касаба уюшма қўмиталари тафтиш комиссияси раислари ва аъзоларига фаолиятлари бўйича, жумладан, иш режасига мувофиқ зарур ҳолларда касаба уюшма ташкилотларида молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш, тафтишдан ўтказиш, текшириш ва тафтиш жараёнларида аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш, шунингдек, касаба уюшма ташкилотлари барча тафтиш комиссиялари аъзолари малакасини ошириш ишларини ташкил қилиш юзасидан фикр ва мулоҳазаларини билдирди.
Шундан сўнг, давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Бухоро вилоят Кенгаши раиси Бахромов Бахтиёр Исломович тафтиш комиссияси фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби, тафтиш комиссиялари фаолиятини олиб бориш бўйича мавжуд муаммолар, уларнинг ечимлари ва ижобий тажрибалар тўғрисида ўқув-семинари иштирокчиларига маълумотлар берди.
Ходимларни соғломлаштиришда касаба уюшма ва ижтимоий суғурта маблағларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш тўғрисида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилоят Кенгаши ижтимоий суғурта бўлими мудири Рузиева Халима Бакаевна маъруза қилиб, ижтимоий суғурта бюджети маблағлари ҳисобидан санаторийларга йўлланмаларни бериш бўйича йўриқноманинг талабларига асосан ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан ажратиладиган йўлланмалардан фойдаланишда хато ва камчиликларга йўл қўймаслик бўйича тушунтириш ва тавсиялар берди.
Ўқув-семинари давомида янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг касаба уюшмалари фаолиятидаги муҳим жиҳатлари тўғрисида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилоят Кенгаши меҳнат ҳуқуқ инспектори Арслонов Муроджон Меҳриддинович сўз олиб, меҳнатга ҳақ тўлаш, меҳнатга ҳақ тўлашнинг умумий ва алоҳида шартлари тўғрисида семинар иштирокчиларига батафсил тушунча берди.
Ўқув-семинари савол-жавоб, баҳс-мунозарага бой бўлди.