Афшонада учрашув

 Абу Али ибн Сино номидаги Афшона жамоат саломатлиги техникумининг фаоллар залида Бухоро вилоят кенгаши раиси М.Олимовнинг Пешкў тумани ёшлари билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда пешкўлик юздан ортиқ касаба уюшмалари фаоллари ва аъзо ёшлар иштирок этди.

  Мулоқот чоғида кенгаш раҳбари аввало, касаба уюшмалари фаолиятини яхшилаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида маълумот бериб ўтди. Шу асонда ёшлар учун яратилаётган имкониятларга алоҳида тўхталди. Касаба уюшмалари томонидан  ёшларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни касаба уюшмалари фаолиятига кенг жалб этиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасида қилинаётган ишларни далиллар орқали тушунтириб берди. Хусусан, ёш аъзолар фаолиятини мувофиқлаштириб бориш мақсадида ташкил этилган Ёшлар бирлашмасининг асосий вазифалари ва амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз борди.  Бирлашма ёшларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлаш, уларнинг меҳнат муносабатларига оид билимларини ошириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, касаба уюшмалари тизимига ёш, иқтидорли ва интилувчан кадрлар жалб этилишига кўмаклашишга ҳамиша тайёр экани айтиб ўтилди.  Бундан ташқари, тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академияси ташкил этилганлиги ва йўналишлари ҳақида маълумотлар берилди.

    Самимий мулоқот тарзида ўтган учрашувда туман ёшлари ўзларини қизиқтирган савол ва таклифлар билан раисга мурожаат қилдилар. Масалан, “Ҳўлбор” МФЙ ёшлари етакчиси ҳудуд ёшларини юртимизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатини ташкил этишда амалий ёрдам сўради. Кенгаш раиси ушбу масала  март ойидаёқ ҳал этилишини қайд этди. “Дейча” МФЙ ёшлар етакчисининг туман ёшлари ўртасида касаба уюшмаси кубоги учун мини футбол мусобақаси ташкил этиш таклифини ҳам раҳбар қўллаб-қувватлади. Келгуси ойларда ушбу мусобақалар албатта ташкил этилишига келишиб олинди.

   Тадбир сўнгида бир гуруҳ фаол ёшлар вилоят кенгашининг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

                                                                            

Достонбек ЖЎРАЕВ,

Бухоро вилоят кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси

 

Print Friendly, PDF & Email