Хотин-қизлар ҳимоясининг мустаҳкам асоси

   Ҳар қандай миллатнинг етуклик даражасини, авваламбор хотин-қизларнинг маданий ва илмий камолоти белгилаб беради. “Битта қиз болани ўқитсангиз – бутун миллатни ўқитган бўласиз”, деб бежизга айтилмаган. Шу сабабли  Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг таълим олишлари, илм-фан билан шуғулланишлари учун муносиб шарт-шароит яратиш давлатимизнинг муҳим вазифасига айланди. Натижада эса, ўтган 2022 йилда олий таълим муассасаларига қабул қилинган талабаларнинг қарийб 50 фоизини хотин-қизларимиз ташкил этди.

Сўнгги йилларда амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон Республикасида жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида хотин-қизлар ҳамда эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш масалалари бўйича мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилди.

Бугунги кунда давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 300 нафардан ортиқ аёллар раҳбарлик лавозимларида фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтган охирги сайловларда кўрсатилган номзодларнинг 41 фоизи хотин-қизлар бўлиб, уларнинг сони Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексида белгиланган 30 фоизлик квотадан ортди. Мамлакатимиз тарихида биринчи марта миллий парламентда хотин-қизлар сони Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тавсияларига мос даражага етди.

Гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, соҳага оид 25 та қонунчилик ҳужжати қабул қилинди. 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси ишлаб чиқилиб, қонунийлик, демократия, очиқлик ва ошкоралик гендер тенгликни таъминлашнинг асосий тамойилларидан этиб белгиланди.

Гендер стратегияси доирасида гендер тенглик тушунчаси жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, маданият, таълим, илм-фан, спорт муносабатларида хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларининг тенглигини англатиб келмоқда.

Қувонарлиси, кўп йиллар давомида муҳокамалар, тортишувлар, мунозараларга сабаб бўлиб келган ушбу масала Янги Конституциямизда муҳрланмоқда. Мазкур норманинг киритилиши хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги тўлақонли, фаол иштироки таъминланиши натижасида 2030 йилга қадар бошқарув лавозимларида ишловчи хотин-қизларнинг улуши камида 30 фоизга етиши таъминланади. Энг аввало, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини оширишга, шунингдек парламент, ҳукумат, вазирликлар ва ҳокимият ишларида кенгроқ жалб этиш имкониятини яратади. Аниқроғи, хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳуқуқ ва имкониятлари тенглиги Конституциянинг 58-моддасида аниқ қилиб белгиланиб қўйилмоқда. Унда хотин-қизлар ва эркакларга тенг ҳуқуқда жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларини таъминлайди ҳамда бу соҳадаги ишларнинг бардавом бўлиши, ҳеч бир аёлнинг муаммоси четда ва эътиборсиз қолмаслигини мустаҳкамлайди.

Муҳтарам Президентимиз нутқларидан бирида «Бугун ҳар бир аёл оддий кузатувчи эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси ҳам бўлиши керак» деган эдилар. Бунда нафақат аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш, балки хотин-қизларнинг алоҳида мақоми ва уларга нисбатан ҳурматини тиклаш ҳақида ҳам сўз бормоқда.

Бир неча йиллардан буён гендер тенглик масаласи фақат қоғозда қолиб кетган эди.  Сўнгги 6 йил давомида аёлларимиз жамиятнинг ҳамма соҳаларида фаол иштирок этиб, давлат ривожланишига ўз ҳиссасини қўшиб келаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Бунга эса аёлларимизга кўрсатилаётган ишонч ва имконият натижасида эришилмоқда, десак муболаға бўлмайди.

Адолат  АКРАМОВА,

         Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилоят кенгаши раиси ўринбосари

 

                                              

Print Friendly, PDF & Email