Болалар меҳнатига чек қўяйлик!

Халқаро меҳнат ташкилоти ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамкорлигида 12 июнь – Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш кунига бағишланган тадбирлар ташкил этилади.

Хусусан, сана муносабати билан 2023 йилнинг 12 июнь куни Бухоро шаҳрида жойлашган “Нефтчи” болалар соғломлаштириш оромгоҳида “Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни”га бағишланган “Барча учун ижтимоий адолат. Болалар меҳнатига чек қўяйлик!” шиори остида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда тадбирлар ўтказилди.

Бундай тадбирлар Бухоро вилоятида фаолият юритаётган 11 та стационар болалар соғломлаштириш оромгоҳларида ҳам ташкил этилди. Мазкур тадбирларда 1599 нафар болалар иштирок этишди.

Тадбирлар доирасида вилоят кенгаши ва тармоқ касаба уюшмалари мутахассислари томонидан турли ёшдаги болаларга мазкур сананинг моҳияти интерактив усуллар орқали тушунтириб берилди. Жумладан, тадбир иштирокчиларига Халқаро меҳнат ташкилотининг ташаббусига кўра ҳар йили 12 июнь барча давлатларда Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни сифатида кенг нишонланиши, жорий йил мазкур санага бағишланган тадбирлар бутун дунё бўйлаб “Болалар меҳнатига барҳам бериш учун умумий ижтимоий ҳимоя!” шиори остида ўтказилаётганлиги ҳамда мамлакатимизда бола ҳуқуқларининг таъминланиши тўғрисидаги слайдлар ёрдамида батафсил маълумотлар берилиб, тематик видеороликлар намойиш этилди.

Бу каби ҳолатлар болаларнинг ҳар томонлама камол топишига ва билим олишига имкон бермаслиги билан бирга, уларнинг жисмоний, ақлий ва аҳлоқий ривожланишига ҳам салбий таъсир кўрсатиши таъкидланди.

Шунингдек, болаларга мамлакатимизда барча болаларнинг тўлақонли билим олишлари, ҳар томонлама камолга етишлари, ақлий ва жисмоний ривожланишлари учун, хусусан таътил даврида мароқли дам олишлари учун яратиб берилган имконият ва шарт-шароитлар ҳаётий мисоллар орқали тушунтириб берилди.

Шунингдек, тадбир дастурига асосан оромгоҳда турли соҳаларда юқори натижаларни қўлга киритиб келаётган соҳа вакиллари билан учрашув ва маҳорат дарслари, қўшиқ ва шеърлар, расм чизиш танловлари, ўзларининг орзулари ва келажакдаги касбларига оид  расмлар кўргазмалари, гуруҳларга бўлинган ҳолда қизиқарли ўйинлар ва спортнинг стол тенниси, шахмат, шашка каби турлари бўйича мусобақалар ўтказилиб, якунда оромгоҳ дам олувчиларининг бадиий чиқишлари ташкил этилди.

Тадбирлар сўнгида ўтказилган савол-жавоб викториналари фаол иштирокчилари ва мусобақа ғолиблари вилоят Кенгашининг диплом ва фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

С.Эргашев, Меҳнаткашларининг ижтимоий-иқтисодий

манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири

 

Print Friendly, PDF & Email