Вобкент туманида жойлашган “Порлоқ келажак” оромгоҳи ўзининг сўлим табиати тозалиги, салқинлиги билан кишини ўзига жалб қилади. Болаларга мўлжалланган ётоқхона, шинам ошхона, компьютер хонаси, икки мингдан ортиқ китоблар билан жиҳозланган кутубхона, сув ҳавзаси, жисмонан чиниқишлари учун футбол, волейбол майдончалари дам олувчи болажонларга беминнат хизмат қилмоқда.
Оромгоҳ 200 ўринга мўлжалланган бўлиб, беш мавсумда жами 900 нафар болани дам олдиришга режалаштирилган. Ўғил-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларни ҳам маънан, жисмонан чиниқтириш учун яратилган шароитлар ота-оналарга манзур бўлмоқда.
Мавсум давомида оромгоҳда шунингдек, «Энг яхши китобхон», «Оромгоҳ юлдузлари», «Бизнинг оромгоҳ берган сабоқлар», «Истеъдодларни излаймиз», «Фарзанд соғлом бўлса — она бахтиёр» мавзусида танловлар ва «Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз» шиори остида спорт марафонлари ташкил этилмоқда. Оромгоҳда ҳар тонгда бадантарбия машқлари мунтазам йўлга қўйилган.
Бухоро вилоятидаги “Оилавий болалар уйи”нинг ижодда, ўқишда, спортда ўзини намоён этган 14 нафар фарзандлари учун Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилояти кенгаши ҳамкорлигида Вобкент тумани “Порлоқ келажак” болалар соғломлаштириш оромгоҳида дам олиш учун йўлланмалар тақдим этилди.
Дам олиш давомида болажонлар очиқ ҳавода ҳордиқ чиқариш билан бирга, кимдир от минишни, кимдир велосипед бошқаришни ҳамда турфа гуллардан гулчамбарлар ясашни турли хил фанлардан ўтилаётган тўгаракларда келгуси ишлари учун билим ва кўникмалар олмоқда.
Эътироф этиш жоизки, оромгоҳда ёшлар ўзлари ёқтирган машғулотлари билан шуғулланиш имконига эга бўлиб, ўз қўллари билан ажойиб заргарлик буюмларини яратиш, расмлар чизиб, кўтаринки кайфият билан дам олмоқдалар.
— Сўлим масканда барча тадбирларни сермазмун ташкил этишва шу билан бирга таътилни завқли ўтказиш учун тажрибали педагог жамоамиз тинмай меҳнат қилмоқдалар, — дейди оромгоҳ раҳбари Алишер Сатторов.
Вилоят Кенгаши матбуот котиби